Россия АҚШ санкцияларига муқаррар жавоб беришни ваъда қилди
Олам
−
16 Апрель 2021
6062Москванинг АҚШ санкцияларига муносабати муқаррар ва у яқин келажакда маълум бўлади. Бу ҳақда кеча, 15 апрель куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова брифинг пайтида айтиб ўтди.
“Бизнинг жавобимиз муқаррар, у ишлаб чиқилади. Яқин келажакда у ҳақида билиб оласиз. Ҳозирда бизнинг мутахассисларимиз уни тайёрлашда бевосита иштирок этмоқда. Бу тажовузкор хатти-ҳаракатларга, албатта, қатъий жавоб берилади”, дейди дипломат.
Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг Россияга қарши санкциялари икки томонлама муносабатларда хавфли қарама-қаршилик даражасини оширади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ элчиси “оғир суҳбат” учун Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилганди.
АҚШнинг Россияга қўйган янги санкциялари
Кеча, 15 апрель куни АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни жорий қилди. Шундай қилиб, 2021 йилнинг 14 июнидан бошлаб Америка молия институтларига Россия Марказий банки ва Молия вазирлиги, шунингдек, Миллий фаровонлик фондидан тўғридан-тўғри қарздорлик қимматли қоғозларни сотиб олиш тақиқланди.
Вашингтон, шунингдек, “Россия разведка хизматларининг кибер дастурини қўллаб-қувватловчи” мамлакатнинг олтита технологик компаниясига чекловлар киритди.
Бундан ташқари, АҚШ президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви билан алоқадор, деб тахмин қилинган 16 та ташкилот ва 16 нафар шахсга қарши санкциялар жорий қилинган.
Уларнинг орасида, аллақачон, АҚШнинг “қора рўйхат”ига тушиб улгурган, Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Громов ва “Путиннинг ошпази” лақаби билан машҳур бўлган тадбиркор Евгений Пригожиннинг компанияси бор.
Шунингдек, Керчен кўприги (Россия билан Қрим яриморолини боғлаб турувчи кўприк – таҳр.) қурилишининг иштирокчилари бўлган учта ташкилот ва беш нафар россияликка нисбатан санкциялар қўлланилган.
LiveБарчаси