“Яқинларимни жуда соғиндим...” Коронавирусдан тузалган бемор билан эксклюзив суҳбат
Интервью
−
29 Март 2020
20439Бугун, 29 март куни коронавирус инфекциясини юқтириб олиб, Вирусология илмий текшириш институтида даволанган 7 нафари тўлиқ соғайиб, оиласи бағрига қайтгани ҳақида хабар бергандик. Улар эндиликда Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация тиббиёт марказида вақтинча назоратда ушлаб турилиши айтилганди. QALAMPIR.UZ мазкур касалликдан тузалган беморлардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.
Асли Тошкент шаҳридан бўлган 63 ёшли М.Э. ҳозирда пенсияда бўлиб, бир неча йил қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводида ишлаган. У киши бўлиб ўтган воқеалар ҳақида батафсил сўзлаб беришга ҳаракат қилди.
—Касаллик аниқланган вақтни эслайсизми? Ўша кунлари қандай воқеалар юз берди?
— Ўша куни қулоғим оғриётган эди. Қулоғим яхши эшитмай қолди. Ўзимнинг яшаш жойимдаги шифокорга учрашдим. Шифокор текширгач, 1-шаҳар шифохонасига йўлланма берди. У ерда ётиб даволана бошладим. Шифохонадан чиқишимга бир кун қолганда у ерда карантин эълон қилинди. Шифохонадан ҳеч кимни чиқаришмади. Кейин билсак, биз ётган шифохонадан 1 нафар коронавирус билан касалланган бемор чиққан экан. Шу билан ўша ерда қолиб кетдик.
— Касаллик бошқа касалликлардан (масалан грипп) фарқ қиладими? Шифохонадаги шароитлар ҳақида нималар дея оласиз?
— Мен доим жисмоний меҳнат билан банд бўлганим сабаб кам касаллик кўрган инсонман. Касалликни деярли сезганим йўқ. Фақатгина қулоғим оғриди. Ҳозир ҳаммаси жойида. Соғломман. Шифохона карантинга олинганидан бир оз вақт ўтиб, мен ва бир қанча беморлар Вирусология илмий-текшириш институтига жойлаштирилдик. Шифохонада барча шароитлар жойида экан. Бизга шифокорлар яхши қарашди. Ўз вақтида овқатимизни беришди. Мунтазам назорат қилишди. Беморларга ўз вақтида муолажалар қилинмоқда. Барака топишсин, тиним билишмайди.
— Шифохонада ётган вақтингизда нималарни ҳис қилдингиз? Яқинларингиз билан алоқада бўлиб турдингизми?
— Яқинларимни жуда соғиндим. Мана орадан бир қанча вақт ўтди. Уларни кўргим келади.Яхшики, менинг телефоним оддий маркали эди. Унда камера ва бошқа қурилмалар мавжуд эмас. Шу сабабли менинг телефонимни олиб қўйишмади. Уйимдагилар билан қўнғироқлашиб турдик. Уларни ҳам уй шароитида карантинга олишган экан. Телефон барибир телефонда, кўриш, иссиқ бағрингга босиш бошқача!
— Касаллик билан олишиб соғлом ҳаётга қайтдингиз. Орамизда бу вирусни жиддий олмаётганлар талайгина?
—Ҳамма касалланганларнинг шифосини берсин. Яқинларининг олдига эсон-омон қайтиб олсин. Айрим карантиндан қочаётган фуқаролар ҳақида эшитяпмиз. Президент ва унинг жамоаси бекорга бу сиёсатни қилаётгани йўқ. Ҳукумат бор кучи билан ҳаракат қилмоқда. Ҳамма уларнинг айтганини қилиши керак. Айтилган гапларга қулоқ солсак, тартибни бузмасак, коронавирусни осонликча енгиб ўтамиз. Барчаси ўзимизга боғлиқ. Аллоҳ ҳаммамизни ўзи сақласин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 144 нафарга етди.
LiveБарчаси