Президент баҳорги кўчатларнинг нобуд бўлиши ва сохта ҳисоботларни кескин танқид қилди
Ўзбекистон
−
18 Ноябрь 1336 2 дақиқа
Жорий йилнинг баҳорида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларнинг учдан бир қисми нобуд бўлган, айрим жойларда эса амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга киритилган. Бу ҳақда бугун, 18 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар ижроси юзасидан йиғилишда сўз борди.
Йиғилишда қайд этилишича, жорий йилнинг кузги кўчат экиш мавсуми 8 ноябрдан бошланганига қарамай, айрим ҳудудларда ишлар суст ташкил этилаётгани билдирилган. Хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида белгиланган режалар ижроси қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бир қисми нобуд бўлгани, айрим жойларда эса амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга киритилгани кескин танқид қилинган.
Давлат раҳбари дарахт экишда сон ортидан қувиш эмас, балки кўчатларнинг тутиб кетиши ва узоқ йиллар давомида ўсишини таъминлаш асосий мезон бўлиши лозимлигини таъкидлаган.
Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, сувсизлик, иссиқлик ва шўрланишга чидамли дарахт турларини танлаш, суғориш тизимларини яратиш ҳамда кўчатларни доимий парваришлаш зарурлиги қайд этилган.
Шу билан бирга, кўкаламзорлаштиришда маҳаллий иқлимга мос, парвариши қулай ўсимликлардан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган. Бунинг учун маҳаллий гул ва манзарали ўсимликларни кўпайтиришга ихтисослашган кўчатхоналар ташкил этиб, сувни кўп сарфлайдиган чим экиш амалиёти ўрнига тожихўроз, райҳон, жамбул каби ўсимликлар ҳамда маҳаллий буталарни экишга устувор эътибор қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Ҳар бир маҳаллада аҳоли жон бошига камида уч тупдан дарахт экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва мазкур жараёнда маҳалла раислари ҳамда ўрмон хўжалиги ходимларининг масъулиятини кучайтириш вазифаси қўйилган.
Мутасаддиларга жорий йилда экиладиган кўчатларнинг камида 90-95 фоизи тутиб кетишини таъминлаш, аввалги йилларда барпо этилган яшил майдонларни сақлаш ва парваришлаш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилган.
Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган.
Live
Барчаси