Трампга суиқасд. Хитойча эҳтиром ва Украинага осилган Лавров
Таҳлил
−
18 Ноябрь 1466 5 дақиқа
Ассалому алайкум, ўтган 24 соат ичида дунёда содир бўлган муҳим воқеалар ҳақида QALAMPIR.UZ дайжестида гаплашамиз.
Эрон ҳукумати билан алоқалари бўлган покистонлик эркак АҚШ Президенти Дональд Трамп ва бошқа америкалик сиёсатчиларга суиқасд уюштириш режасидаги иштироки учун 27 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этилди
У Трамп, АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден ва мамлакатнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Ҳейлини ўлдириш учун ёлланма қотиллар излаган. Бироқ у мурожаат қилган шахслар аслида АҚШ Федерал тергов бюросининг яширин агентлари бўлган.
Маълум қилинишича, Осиф Мерчант март ойида халқаро террорчилик ҳаракатини содир этишга уриниш ва пул эвазига одам ўлдириш учун ёллаш айбловлари бўйича айбдор деб топилган.
Судда Мерчант Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кўрсатмаси билан ҳаракат қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, режа 2020 йилда АҚШ томонидан Эроннинг юқори мартабали ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун қасос олиш мақсадида тузилган.
Прокуратура маълумотларига кўра, Мерчант дастлаб диний зиёратлар учун Эронга борган ва у ерда Инқилоб қўриқчилари корпуси вакили билан таништирилган. У Эронга жами 15 марта сафар қилган ва бу вақт давомида Эрон разведкаси ходимларидан тайёргарлик олган. 2024 йил апрель ойида эса режани амалга ошириш учун АҚШга келган.
Мерчант яширин АҚШ Федерал тергов бюроси агентларига дастлабки тўлов сифатида 5 минг доллар берган. У 2024 йил июль ойида АҚШни тарк этишга ҳозирлик кўраётган пайтда Техас штатида қўлга олинган.
Суиқасд ҳақидаги хабарлар Трамп учун умуман янгилик эмас. Сабаби сўнги йилларда АҚШ президентига нисбатан суиқасд уюштиришга урунишлар ҳақидаги хабарлар бир нечатани ташкил этади. 14 – ноябрь санасида ҳам Исроил разветкаси Эрон Трампга нисбатан суиқасд уюштирмоқчи экани ҳақида МРБни огоҳлантирди.
Исроил разведка хизмати («Моссад») Марказий разведка бошқармасига Эрон Дональд Трамп ва унинг маъмурияти аъзоларига дронлар орқали суиқасд уюштирмоқчи экани ҳақида маълумот етказган.
Исроил сўнгги вақтларда пайдо бўлган аниқ таҳдидлар, жумладан, портловчи моддалар ўрнатилган дронлар ёрдамида амалга оширилиши мумкин бўлган ҳужумлар ҳақида разведка маълумотларини олган. Ушбу маълумотлар Ғарбдаги яна бир махсус хизмат томонидан тасдиқланган.
Манбаларга кўра, Эрон Трамп маъмурияти вакилларига ҳужум қилиш ниятида бўлгани шу кунларда АҚШ президенти Теҳрон билан музокаралар бўйича йўналишни ўзгартиришининг асосий сабабларидан бири бўлган.
Жорий йилнинг 18 ноябрь санасида Хитойнинг Шенчжен шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) саммити доирасида ХХР Раиси Си Сзинпин ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. 19 – ноябрь куни Путин Си Сзинпин ва Трамп иштирокида ташкил этиладиган уч томонлама учрашув олдидан ташкил этилган бу суҳбат маҳаллий нашрларнинг ёзишича анчайин илиқ ўтган.
Айтилишича Си Сзинпин Россия-Хитой муносабатларини шамол ва ёмғир остида ҳам мустаҳкам турадиган тоққа қиёслаб, ортиб бораётган ноаниқлик шароитида глобал барқарорликни мустаҳкамлашга чақирган.
Путин, ўз навбатида, мураккаб халқаро вазиятга қарамай, Россия ва Хитой ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик конструктив тарзда ривожланаётганини таъкидлаган.
Музокаралар бошида Россия Президенти Москва ва Пекин янада адолатли кўп қутбли дунё тартибини шакллантириш бўйича конструктив ёндашувга амал қилаётганини билдирган. Икки мамлакатнинг умумий мақсади – Осиё-Тинч океани минтақасининг фаровонлигини таъминлаш экани қайд этилган. Си эса ўз томонидан Россия ва Хитой, “дадил олға бориши”, шунингдек, “кўп қутбли дунё шаклланишига ва халқаро муносабатларнинг демократлашувига кўмаклашиши” зарурлигини урғулаган.
Россия раҳбари халқаро тадбирлар билан банд бўлган вақтда мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Ловров Украинага яна бир талаб қўйди.
У Украина ҳукуматидан рус тилидан фойдаланишга қўйилган барча чекловларни ҳеч қандай ўзаро ён беришларсиз бекор қилишни талаб қилди. Унинг билдиришича, тил ҳуқуқлари сиёсий музокаралар мавзусига айлантирилмаслиги керак. У бу ҳақда 21-Шарқий Осиё саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
Лавровнинг айтишича, рус тилига қўйилган чекловлар зудлик билан бекор қилиниши лозим. У БМТ Устави қоидаларига риоя қилиш ташкилотга аъзо барча давлатларнинг мажбурияти эканини таъкидлаган.
“Буларнинг барчаси зудлик билан ва ҳеч қандай ўзаро ён беришларсиз бекор қилиниши керак”,
Маълумот учун, жорий йилнинг 7 ноябрь куни Украина давлат тилини ҳимоя қилиш бўйича вакили Елена Ивановская Президент офиси раҳбари Кирилл Будановга рус тилида гапиргани учун жарима белгилаган эди. Бунга Будановнинг Киев вилоятида 14 ёшли ўсмир билан рус тилида суҳбатлашгани сабаб бўлган. Ивановскаянинг айтишича, Буданов қоидабузарликни тан олган ва жаримани белгиланган муддатда тўлашга рози бўлган.
Рассиядан сира кўзини узмайдиган АҚШда сўнги бир неча кунларда йирик техник носозликлар кузатилди.
Бу воқеаларга эса АҚШ Давлат котиби Марко Рубио мамлакатда сўнгги кунларда кузатилган йирик техник носозликлар ортида киберҳужумлар ёки бошқа давлатларнинг аралашуви йўқлигини маълум қилди. Унинг айтишича, юз берган ҳодисалар бир-бирига боғлиқ эмас ва ҳар бирининг алоҳида сабаби бор.
“Биз ҳозиргача билган барча маълумотлар бу ҳодисалар ўзаро боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар бирининг ўз сабаби ёки изоҳи бор. Бунга кибержиноятчилар, душманона ҳаракатлар ёки бошқа давлатнинг алоқаси йўқ”, деган Рубио.
Бундан аввал АҚШ Миллий разведка директори Жей Клейтон ҳам мамлакатдаги техник носозликлар киберҳужумлар ёки бошқа давлат ҳаракатлари билан боғлиқ эмаслигини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, дастурий таъминотни кенг кўламда янгилаш вақтида айрим заифликлар аниқланган. Уларни бартараф этиш жараёни ҳам кузатилган носозликларнинг бир қисмига сабаб бўлган.
Клейтон АҚШда ишлатилаётган кўплаб компьютер тизимлари эскиргани ва заиф ҳолатда эканини айтиб, мамлакат рақамли инфратузилмасини янгилаш зарурлигини таъкидлаган.
Live
Барчаси