“Яширинг”. Моди Трамп билан учрашувда кутилмаганда ерга эгилди (видео)

Олам

−

image

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди АҚШ Президенти Дональд Трамп иштирок этган QUAD саммитида жамоавий суратга тушиш вақтида ерда ётган Ҳиндистон байроғини кўриб, уни олиб чўнтагига солди. Моди байроқни ерда қолдиролмаслигини айтганида, Трамп унга “Яширинг” деб жавоб берган. Бу ҳақда CNBC-TV18 телеканали видеолавҳани эълон қилди. 

Манилада кеча, 17 ноябрь куни бўлиб ўтган саммитдаги суратга олиш жараёнида иштирокчилар туриши керак бўлган жойни белгилаш учун ерга Ҳиндистон байроғи қўйилган. Кадрларда Модининг байроқни пайқаб, уни олиш учун эгилгани акс этган. Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, у байроқни ерда қолдиришни истамаслигини Трампга тушунтирган ва кейин уни чўнтагига солган.

Хабарларда айтилишича, Моди ўз мамлакати байроғини ерда қолдиролмаслигини билдирганда, Трамп “Яширинг”, дея жавоб берган. Икки етакчи ўртасидаги қисқа суҳбат ҳам камерага ёзиб олинган. Мазкур ҳолатда Модининг ҳаракати Трампнинг ҳам эътиборини тортган. Маниладаги саммитдан олинган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокама қилинди.

2023 йилда ҳам шундай ҳолат кузатилган

Модининг бу ҳаракати 2023 йил август ойида Жанубий Африканинг Йоханнесбург шаҳрида ўтказилган BRICS саммитидаги воқеани эслатади. Ўшанда ҳам давлат раҳбарлари жамоавий суратга тушиши учун белгиланган жойларга мамлакатлар байроқлари қўйилган.

Моди ерда ётган Ҳиндистон байроғини кўриб, уни босиб олмаслик учун эгилган, байроқни кўтариб, курткасининг чўнтагига солган. Унинг ёнида турган Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса ҳам буни кўриб, ўз мамлакати байроғини ердан олган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг