“Путиннинг ошпази” томонидан тузилган ёлланма гуруҳ
Таҳлил
−
14 Октябрь 1858 11 дақиқа
Одатда геосиёсий ўйинлардан четда қолиб кетадигандек туюлувчи Африка қитъаси аслида шу ўйинларнинг энг чигал қисмларидан бири ҳисобланади. Ушбу улкан қитъада нафақат қарз берувчи Хитой ёки собиқ мустамлакачи Франциянинг, балки яна бир қанча давлатлар қаторида Россиянинг ҳам таъсири катта. Бугун Украина билан уруш фонида бутун Ғарб коалициясига қарши туришга мажбур бўлгани етмагандек, Москва Африкада ҳам ҳарбий мавжудлигини сақлаб келмоқда. Бир пайтлар хусусий ҳарбий компания сифатида танилган “Вагнер” гуруҳи бугун Россия давлатининг Африка сиёсатидаги муҳим қуролларидан бирига айланган. Унинг ўрнини эгаллаган Африка корпуси (Africa Corps) эса Кремлнинг қитъадаги ҳарбий иштирокини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Хўш, “Вагнер” ёки Африка корпуси ўзи нима ва Россия нега энг қийин вазиятларда ҳам қитъадан ўз кучларини олиб чиқиб кета олмайди?
Замонавий ёлланма қўшин
Ёлланма қўшинлар тарихи қадимги даврларга бориб тақалади. Улар тарихда нафақат ҳарбий маҳорати, балки шафқатсизлиги билан ҳам ном қолдирган. Ёлланма аскарларнинг на қадрияти, на ватани ва на дўстлари бўлган. Улар маош берилмай қолса, ўз ҳомийларига қарши чиқиши, шаҳарларни талаши, тинч аҳолини ўлдириши ва асирларни сотиши мумкин эди. Улар учун адолат кўпроқ пул тўлаган томонда эди. Россия эса замонавий ёлланма қўшин тузди.
2014 йилда Россия Қримни аннексия қилди. Шундан сўнг Москвага Донбассдаги (Луганск ва Донецк вилоятларида) айирмачилик ҳаракатларини яширинча қўллаб-қувватловчи кучлар керак бўла бошлади. Расмий армия халқаро норозиликларни келтириб чиқарар, уларни сақлаб туришнинг ўзи ҳам мамлакат ичидаги аҳолининг қаршилигига сабаб бўларди. Айнан шундай вазиятда кейинчалик бутун дунёга “Вагнер” номи билан таниладиган гуруҳ ташкил топади.
Унинг ортида икки шахс турарди: Россия ҳарбий разведкасининг собиқ офицери Дмитрий Уткин ва Кремль билан яқин алоқалари бўлган тадбиркор Евгений Пригожин. Уткин ҳарбий қўмондонлик билан шуғулланган бўлса, Россия президенти қатнашадиган кечки овқатларга хизмат кўрсатгани сабабли “Путиннинг ошпази” сифатида танилган Пригожин гуруҳнинг молиявий ва ташкилий жабҳаларини назорат қилган. Баъзи манбаларга кўра, “Вагнер” номи Уткиннинг ҳарбий лақабидан олингани айтилади. Бу лақаб немис бастакори Рихард Вагнер номи билан боғлиқ бўлиб, Уткиннинг нацистлар рамзларига ва олмон ҳарбий тарихига қизиқиши сабаб танланган.
Аввалига ушбу гуруҳнинг ташкилотчиси ким, молиявий таъминоти қаердан каби саволлар очиқ қолган. Фақатгина 2022 йилга келибгина Евгений Пригожин гуруҳ ташкилотчиларидан бири эканини тан олди.
“Мен эски қуролларни ўзим тозаладим, ўқ ўтказмайдиган нимчаларни ўзим саралаб олдим ва бу борада менга ёрдам бера оладиган мутахассисларни топдим. Ўша пайтдан бошлаб, 2014 йил 1 май куни бир гуруҳ ватанпарварлар пайдо бўлди, улар кейинчалик “Вагнер” батальони деб номланди”, деган эди Пригожин.
Аввалига Украинада россияпараст гуруҳларни қўллаш мақсадида ташкил этилган гуруҳнинг географик қамрови аста-секин кенгайиб борди. 2017 йилда Судан президенти Умар ал-Башир Сочига ташриф буюриб, Владимир Путин билан учрашди. Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан Дарфурда содир этилган уруш жиноятлари ва геноцид бўйича суд иши доирасида ҳибсга олиш учун ордер берилганига қарамай, Путин Судан раҳбарини тантанавор кутиб олди. Ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш илинжида Умар ал-Башир Путиндан ҳарбий ёрдам сўрайди ва АҚШ ҳамда унинг иттифоқчиларини танқид қилади.
Оқибатда Россияга “алоқадор бўлмаган” “Вагнер” гуруҳи Африкага юборилди. Уларга мамлакат ҳукумати хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юкланди. Шу тариқа ал-Башир ишончли рус тансоқчиларга, Москва эса Судан қазилма бойликларига эга бўлди. Аммо мамлакат Россия учун нафақат табиий ресурслар манбаи, балки Қизил денгизга чиқиш ва келажакда ҳарбий-денгиз инфратузилмасини ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга эди.
2018 йилдан бошлаб “Вагнер” Марказий Африка Республикасида фаол операциялар олиб борди. Гуруҳнинг вазифалари маҳаллий ҳарбийларни тайёрлаш, ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаш ва президент Туадеранинг ҳокимиятини сақлаб қолишга ёрдам беришни қамраб олди. 2020 йил охири ва 2021 йил бошида қуролли исёнчилар мамлакат пойтахти – Бангига ҳужум қилганида, Россия билан боғлиқ жангчилар ҳукумат кучлари томонида жанг қилди. Шу тариқа Москва маҳаллий ҳукумат учун муҳим хавфсизлик ҳамкорига айланди. Бунинг эвазига Россия билан боғлиқ компаниялар мамлакатнинг табиий бойликларига яқинлашди, Кремль эса Франция таъсири тарихан кучли бўлган ҳудудда янги сиёсий таянчга эга бўлди.
Бироқ “Вагнер”нинг Африкадаги фаолияти фақат ҳукуматларни ҳимоя қилиш ва ҳарбийларни тайёрлашдан иборат эмас эди. АҚШ Давлат департаменти, БМТ экспертлари ва мустақил журналистлар гуруҳни тинч аҳолига нисбатан зўравонлик, ноқонуний қатл, қўрқитиш ҳамда табиий ресурслардан манфаат кўриш билан боғлиқ ҳолатларда айблаган. Марказий Африка Республикасида конлар атрофидаги операциялар вақтида тинч аҳолига қарши зўравонликлар ҳақида хабарлар тарқалди.
Бундан ташқари, ёлланма қўшин Россия манфаатларидан келиб чиқиб, расмий ҳукуматга қарши бўлган қўзғолончи гуруҳларни ҳам қўллаши мумкин. Масалан, Ливияда “Вагнер” 2010 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги кучларни қўллаб-қувватлади. Жангчилар ҳарбий маслаҳат, логистика ва жанговар ёрдам кўрсатиш билан бирга, Россиянинг мамлакат шарқидаги ҳарбий инфратузилмага кириб боришига имкон яратди. Ливия географик жиҳатдан Ўрта ер денгизи ва Шимолий Африкадаги Россия манфаатлари учун муҳим майдон эди. Шу сабабли у ердаги фаолият фақат маҳаллий фуқаролар урушидаги иштирок эмас, балки Москванинг минтақадаги ҳарбий имкониятларини кенгайтириш воситаси ҳам бўлди.
Шу билан бирга, “Вагнер”ни “енгилмас ёлланма аскарлар” сифатида ҳам кўриш хато. 2019 йилда Мозамбикда ҳам пайдо бўлган “Вагнер” энг йирик мағлубиятларга айнан шу ерда учради. Мамлакатнинг шимолидаги Кабу-Делгаду вилоятида қуролли исёнчилар фаоллашган эди, ҳукумат эса уларга қарши курашда ташқи ёрдам излаётганди. Россиялик жангчилар маҳаллий кучларга ёрдам бериш учун юборилди, бироқ мураккаб ҳудуд, етарли разведка ва маҳаллий шароитни тушуниш билан боғлиқ муаммолар уларнинг операцияларини қийинлаштирди. Гуруҳнинг бу мамлакатдаги фаолияти узоқ давом этмади. Мозамбик тажрибаси “Вагнер”нинг ҳарбий салоҳияти чексиз эмаслигини ва Африка давлатларидаги ҳар қандай можаро Россия учун осон ғалаба олиб келмаслигини кўрсатади.
2021 йилда “Вагнер”нинг Африкадаги энг муҳим янги манзилларидан бири Мали бўлди. Мамлакатда 2020 ва 2021 йиллардаги ҳарбий тўнтаришлардан сўнг ҳокимиятга келган ҳарбий раҳбарият Франция билан муносабатларни кескинлаштирди ва хавфсизлик соҳасида Россияга юзланди. Франция кучлари ҳамда БМТ миссиясининг мамлакатдан чиқиб кетиши фонида “Вагнер” маҳаллий армияга ёрдам бериш, жанговар операцияларда қатнашиш ва ҳарбий раҳбарият хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажарди. Москва бу ҳамкорликни терроризмга қарши кураш ва давлатлар суверенитетини қўллаб-қувватлаш сифатида тақдим этди. Аммо амалда Россия учун яна бир стратегик имконият очилганди: Ғарбнинг таъсири сусаяётган Саҳел минтақасида янги иттифоқчилар ва ҳарбий таянчлар пайдо бўла бошлади.
Шу тариқа, “Вагнер” Африкага кириб келди. Қайсидир давлатда расмий ҳукуматни қўллаб, мамлакат яхлитлигини пеш қилса, бошқа ҳудудда қўзғолончи кучларга ёрдам бериб, халқларнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқини важ қилиб келди. Аммо аслида барча “узатилган қўллар” ортида турган Москва Африкани ўзи истаган тартибда назоратда сақлаб қолишни ва унинг табиий ресурсларини талашни кўзлаган эди. Шу сабабли бугунги Африкадаги нотинчликлар, ички урушлар ортида Россиянинг қўли ҳам бор, дейиш мумкин.
Аммо 2023 йилнинг июнида Пригожин бошчилигидаги исён ва ўша йилнинг 23 августида унинг Дмитрий Уткин билан бирга самолёт ҳалокатида ҳалок бўлиши “Вагнер”нинг келажагини савол остига қўйди. Кремль учун энди асосий вазифа Африкада йиллар давомида қурилган тармоқни йўқотмасдан, уни ўзининг бевосита назорати остига олиш эди. Айнан шу эҳтиёж кейинчалик Африка корпуси тузилмасининг пайдо бўлишига замин яратди.
Қўзғолон ва Африка корпуси (Africa Corps)нинг дунёга келиши
Юқорида айтганимиздек, ёлланма ҳарбийлар керак бўлса, ўз раҳбарларига ҳам қарши бош кўтариши мумкин. Ҳатто у замонавий ёлланма бўлса ҳам. 2023 йил июнида Россия ҳукуматига хизмат қилувчи “Вагнер” Путин ҳокимиятига қарши қурол кўтаргани бунинг яққол исботидир.
Гарчи “Вагнер” кучларининг таъминоти тепасида Кремль турган бўлса-да, ҳарбийлар деярли тўла мустақил эди. Кези келганда Москва қарорларига бўйсунишни истамаган гуруҳ охир-оқибат ҳукумат тепасидагиларнинг сабр косасини тўлдирди. Москва “Вагнер”ни тугатишга қарор қилди. Таъминотлар тўхтатилди, Россия Мудофаа вазирлиги барча кўнгилли бўлинмалар 1 июлга қадар вазирлик билан расмий шартнома имзолаши шартлигини эълон қилди. Табиийки, бу қарор шахсий армиясига эга Пригожинга ёқмади.
2023 йил 23 июнь куни Пригожин Россия Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан очиқ тўқнашувга киришди. 23 июнь куни у Россия ҳарбийлари “Вагнер” лагерларига зарба берганини айтиб, жавоб қайтаришга ваъда берди. Пригожин ўз ҳаракатини ҳарбий раҳбариятга қарши қаратилган деб кўрсатган бўлса-да, воқеалар тез орада бутун Россия ҳукуматига қарши қуролли исёнга айланди.
“Вагнер” жангчилари 23 июнь оқшомида Украина ҳудудидан Россияга ўтди. Улар Ростов-Дон шаҳрига кириб, Жанубий ҳарбий округ штаби ва бошқа муҳим ҳарбий объектлар устидан назорат ўрнатди. Пригожин ўз қўл остидаги кучлар Москвага қараб ҳаракатланаётганини эълон қилди. 24 июнь куни колонналар пойтахт томон юришда давом этди. Йўл давомида Россия ҳарбий авиацияси билан тўқнашувлар юз берди ва бир неча ҳарбий ҳаво кемаси уриб туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Йиллар давомида Кремль манфаатларига хизмат қилган қуролли тузилма энди Россия армиясининг ўзига қарши ҳаракатланаётган эди. Владимир Путин телемурожаатида ҳодисани “хиёнат” деб атади ва иштирокчиларни жазолашга ваъда берди.
Бироқ Москва томон юриш бошланганидан қарийб 24 соат ўтиб, вазият кутилмаганда ўзгарди. ОАВда Беларусь президенти воситачилигида келишувга эришилгани маълум қилинди. Пригожин жангчиларининг ҳаракатини тўхтатишга рози бўлди, Кремль эса иштирокчиларга нисбатан айрим жиноий айбловлар бекор қилиниши ва Пригожиннинг Беларусга кетиши кўзда тутилганини билдирди. Исён бостирилди, аммо унинг сиёсий оқибатлари йўқолмади. Путин ўз ҳокимиятига қарши очиқ қуролли чақириққа дуч келган, Россия хавфсизлик тизими эса мамлакат ичида ҳам жиддий заифликлар мавжудлигини намоён этган эди. Пригожин ва унинг жангчиларига нисбатан кейинги чоралар эса “Вагнер”нинг мустақил ҳаракат қилиш имкониятларини чеклашга қаратилди.
Орадан роппа-роса икки ой ўтиб, 2023 йил 23 август куни Пригожин сирли авиаҳалокат ортидан вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Тверь вилоятида, Москва ва Санкт-Петербург оралиғида қулаган хусусий самолёт бортидан у билан бирга “Вагнер” асосчиларидан бири Дмитрий Уткин ҳамда яна саккиз кишининг жасади топилди. Аммо самолётнинг нима сабабдан қулагани ва ҳалокат ортида ким тургани юзасидан аниқ маълумотлар берилмагани сабабли халқаро майдонда турли гипотезалар пайдо бўлди. Кремлнинг алоқадорлигини тасдиқловчи очиқ, мустақил далиллар эълон қилинмаган бўлса-да, ҳодисанинг Пригожин исёнидан атиги икки ой ўтиб юз бергани унинг ўлимини янада шубҳали қилди. Россия ҳукумати суиқасд ҳақидаги тахминларни рад этган.
Пригожиннинг ўлими “Вагнер”нинг Африкадаги фаолиятини тўхтатмади. Аксинча, Кремль бу тармоқни ўз назоратига янада яқинлаштиришга киришди. Энди Москва ўз ҳаракатларини яширмоқчи эмас эди. 2023 йилдан бошлаб гуруҳнинг Африкадаги айрим бўлинмалари Россия Мудофаа вазирлиги назоратидаги Африка корпусининг таркибига ўтказила бошланди. Бу жараённинг мақсади шунчаки номни алмаштириш эмас эди: Москва Африкадаги ҳарбий иштирокни марказлаштириш, жангчилар устидан назоратни кучайтириш ва уларнинг фаолиятини давлатнинг расмий ташқи сиёсати билан мувофиқлаштиришга ҳаракат қилди. 2024 йилга келиб Африка корпуси Мали, Нигер ва Буркина-Фасо каби мамлакатларда Россия таъсирини мустаҳкамлаш воситасига айланди.
Қисқа қилиб айтганда, “Вагнер” тугатилди, аммо ҳали Путиннинг Африкадаги “нафси тўйгани” йўқ.
Бир қўлда Украина, бир қўлда Африка
Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда етишмовчилик бўлиб турган бир вақтда нега Россия Африкадаги таъсир доиралари ҳақида бунчалик қайғурмоқда? Ўзи Африкадаги ҳарбий гуруҳларнинг Москва учун қандай фойдали томонлари бор?
Чунки Кремль учун Африка шунчаки қўшимча ҳудуд эмас, балки иқтисодий даромад, дипломатик таянч ва Ғарб билан глобал рақобатнинг муҳим майдонидир. АҚШнинг Халқаро стратегик тадқиқотлар марказининг (CSIS) таҳлилига кўра, Россия Африкада хавфсизлик хизматларини таклиф қилиш орқали табиий ресурслардан фойдаланиш, сиёсий элиталар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ғарб таъсирини чеклашга интилади.
Аввал иқтисод дегандик, энг биринчи мотив, шубҳасиз, иқтисодий масаладир. Африка олтин, олмос, уран ва бошқа стратегик ресурсларга бой. “Вагнер” Марказий Африка Республикасида ҳукуматни ҳимоя қилиш ва ҳарбий ёрдам эвазига олтин конлари, олмос қазиб олиш ҳамда ёғоч саноати билан боғлиқ лойиҳаларга кириб борди. Украинадаги уруш туфайли Ғарб санкциялари кучайган шароитда бундай фаолият Россия билан боғлиқ тузилмаларга қўшимча даромад манбаларини яратди.
Иккинчи сабаб – геосиёсий таъсир. Россия Африка давлатлари билан ҳарбий ҳамкорлик, қурол савдоси ва хавфсизлик келишувлари орқали янги иттифоқчилар орттиради. Бу алоқалар БМТ каби халқаро майдонларда Москванинг дипломатик яккаланишини камайтиришга ва Россия илгари сураётган кўп қутбли дунё тартибини қўллаб-қувватловчи давлатлар доирасини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Айниқса, Франция ва АҚШнинг айрим Саҳел давлатларидаги ҳарбий иштироки қисқарганидан сўнг, Россия ўзини муқобил ҳамкор сифатида кўрсатиш имкониятига эга бўлди.
Учинчи сабаб – ҳарбий-сиёсий таъсирни нисбатан кам харажат билан сақлаш. Россия барча Африка мамлакатларига катта миқдорда мунтазам қўшин юбориши шарт эмас: айрим ҳукуматларга ҳарбий инструкторлар, қурол-яроғ ва чекланган миқдордаги жангчилар орқали ёрдам беришнинг ўзи сиёсий таъсир учун етарли бўлиб келмоқда. “Вагнер” ўрнига Африка корпусининг шакллантирилиши ҳам айнан шу тармоқни Кремль ва Россия Мудофаа вазирлигига кўпроқ бўйсундиришга қаратилган эди.
Шундай экан, Украинадаги уруш Россиянинг Африкага бўлган қизиқишини йўққа чиқармаяпти, балки, аксинча, иқтисодий имкониятлар, дипломатик таянч ва Ғарб билан рақобат Москванинг қитъага стратегик аҳамиятга эга ҳудуд сифатида қарашига сабаб бўлмоқда. Бошқача қилиб айтганда, Россия Африкада Ғарб коалициясига муқобил ўз “дунёси”ни шакллантирмоқда. Фақат бунинг учун Африканинг ўзи қурбон бўлмоқда.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь