БААда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди

Олам

image

БАА ҳукумати болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солувчи қарор қабул қилди. Унга кўра, болаларнинг 15 ёшга тўлгунга қадар улардан фойдаланиши тақиқланади. Шу тариқа БАА бундай чекловларни жорий этган биринчи араб мамлакати бўлди. Бу ҳақда “Gulf news” хабар берди.

Қайд этилишича, 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқ платформаларида шахсий аккаунтлар очиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек, ушбу платформаларнинг барча функцияларидан фойдаланиш, жумладан, постлар жойлаштириш, коммент ёзиш, маълумот алмашиш ва оммавий гуруҳларга аъзо бўлиш тақиқланади.

“Бу қадам БААнинг глобал рақамли ўзгаришлар билан ҳамқадам бўлувчи ҳамда болалар хавфсизлигини ўзининг устувор йўналишларидан бири деб билувчи илғор қонунчилик моделларини ишлаб чиқишга бўлган интилишини акс эттиради”, дейилади ҳукумат баёнотида.

Қарорда айтилишича, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларга контентнинг ёш таснифи, мулоқотни чеклаш, фойдаланиш вақтини тартибга солиш ва ота-она назорати ҳисобга олинган ҳолда платформалардан тартибга солинадиган ва хавфсиз тарзда фойдаланиш имконияти таъминланиши керак.

Платформалар зиммасига ёшни текширишнинг “аниқ ва ишончли” механизмларини жорий этиш, шунингдек, талабларга жавоб бермайдиган аккаунтларни кузатиб бориш ва “дарҳол чора кўриш” мажбурияти юкланган.

Бу қоидалар БААдаги фойдаланувчилар учун очиқ бўлган барча платформаларга тегишли. Ижтимоий тармоқларга ушбу талабларни бажариш учун 12 ой вақт берилган. Бу муддат давомида улар тегишли давлат органлари билан келишилган ҳолда янги стандартларни жорий этишлари керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш тизимини (16 ёшдан кичиклар учун) илк бор 2025 йилнинг декабрида Австралия жорий этган эди. Худди шундай чоралар ҳозирда бир қатор Европа мамлакатларида, жумладан, Франция, Испания ва Данияда ҳам кўриб чиқилмоқда. Канада ва Туркия ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклашни режалаштирмоқда. 15 июнь куни эса Буюк Британия 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

БАА ижтимоий тармоқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг