Нигердаги энг йирик аэропорт ҳужумга учради. Қурбонлар бор
Олам
−
19 Июнь 1607 2 дақиқа
Кеча, 19 июнь куни Нигердаги энг йирик аэропортга жангарилар томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида 35 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маҳаллий аҳолига кўра, эрталаб Нигер пойтахти Ниамейдаги Диори Амани номидаги халқаро аэропорт ҳудудида портлаш ва отишма овозлари эшитилган. Нигер Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, ҳалок бўлганлар орасида 22 нафар жангари, 11 нафар ҳарбий хизматчи ва икки нафар тинч аҳоли вакили бор. Ҳужум учун жавобгарликни “Ал-Қоида” билан алоқадор бўлган JNIM гуруҳи ўз зиммасига олган.
Вазият назорат остига олинган ва куч тузилмалари қолган ҳужумчиларни қидириш бўйича операцияни бошлаб юборган.
“Биз намозни тахминан соат 05:50 да тугатдик ва кўп ўтмай худди бирон нарса портлагандек қаттиқ гумбурлаш овозини эшитдик. Нима бўлаётганини фақат кейинроқ тушундик”, дейди маҳаллий турғун Лавалли Цалха.
Расмийларнинг билдиришича, йўқ қилинган 22 нафар жангаридан ташқари яна тўрт нафари яраланган, 20 нафар гумонланувчи эса қўлга олинган. Хавфсизлик кучлари, шунингдек, катта миқдордаги қурол-яроғ арсеналини, жумладан, РПГ-7 гранатомётлари, АК-47 автоматлари, портловчи моддалар, гранаталар, алоқа воситалари ва минглаб патронларни мусодара қилган.
Баъзи маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам ҳужумчиларни қидиришга қўшилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қуролланган фуқаролар гумонланувчи шахсларни қўлга олишга уриниб, йирик пичоқ ва таёқлар билан ҳудудда патруллик қилган. Аэропорт ҳудуди тўлиқ қуршаб олинган, хавфсизлик кучлари эса кираётган ва чиқаётган барча транспорт воситаларини текширувдан ўтказган.
Африка иттифоқи комиссияси раиси Маҳмуд Али Юсуф ҳужумни кескин қоралаган ва ҳужумни қайтариб, стратегик объектни ҳимоя қилишга муваффақ бўлган Нигер хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини юқори баҳолаган.
Диори Амани номидаги халқаро аэропорт фуқаролик аэропорти ва ҳарбий база функцияларини ўзида бирлаштирган ҳолда Нигернинг энг муҳим хавфсизлик объектларидан бири ҳисобланади. Бу ерда Саҳел давлатлари альянси объектлари ҳам жойлашган. Сўнгги ҳафталарда Нигер расмийлари аэропорт яқинидаги бир нечта маҳаллаларни бузиб ташлаган ва буни террорчилик хавфини камайтириш зарурати билан изоҳлаган. Шунингдек, аэропортнинг қўриқланадиган ҳудуди кенгайтирилган ва 350 дан ортиқ кузатув камералари ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мали армияси “Ал-Қоида”га алоқадор JNIM террористик гуруҳига қарши дрон ҳужумлари уюштирганди. Дронлар Сан минтақасидаги қабилалардан бирининг тўй зиёфати ўтаётган жойга бориб тушган ва оқибатда 10 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Live
Барчаси