Савдо марказларига солиқ таътили берилиши мумкин
Олам
−
17 Июнь 1547 3 дақиқа
Қозоғистонда Мажлис депутати Озод Перуашев савдо марказларини реконструкция қилиш даврида улар учун солиқ таътилларини жорий этишни, шунингдек, савдо кўчмас мулки эгаларига махсус солиқ режимини қўллашга рухсат беришни таклиф қилди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.
Перуашев ўзининг депутатлик сўровида Чимкент, Қарағанда, Семей, Орал ва Остона шаҳарларидан бўлган тадбиркорлар савдо-кўнгилочар марказларига ташриф буюрувчилар сони ва харидорлар фаоллиги камайганидан шикоят қилаётганини билдирган.
Уларнинг сўзларига кўра, бу ҳолат дўконлар ва ижара бизнеси даромадларининг тушиб кетишига олиб келмоқда. Тадбиркорлар бунинг сабабларидан бири сифатида савдо майдонларини ижарага бериш фаолияти махсус солиқ режимини қўллашга рухсат этилган фаолият турлари рўйхатидан чиқариб ташланганини кўрсатмоқда.
Бироқ Перуашевнинг фикрича, муаммо фақат солиқлар билан боғлиқ эмас. Унинг ҳисоблашича, савдо марказлари онлайн-савдо, маркетплейслар, масофавий харидлар ва етказиб бериш хизматларининг шиддат билан ривожланаётгани сабабли харидорларини йўқотмоқда. Депутат қўшимча омил сифатида аҳоли харид қобилиятининг пасайганини ҳам тилга олган.
“Савдо мажмуалари ташриф буюрувчилар камайиши, ижарачилар сони қисқариши, бўш майдонларнинг ортиши ва инвестициявий жозибадорликнинг тушиб кетиши муаммосига дуч келмоқда”, дейди мажилис аъзоси.
Депутат савдо марказлари ва уларга тегишли инфратузилма қурилишига миллиардлаб тенге маблағ тикилганини қайд этган. Шу билан бирга, бундай объектларнинг фаолияти билан иш ўринлари, солиқ тушумлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг иши чамбарчас боғлиқ.
Перуашев бизнес вакиллари билан биргаликда савдо марказларини қайта форматлаш (фаолият йўналишини ўзгартириш) бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф қилган. Депутатнинг фикрича, савдо марказларни босқичма-босқич кўп функцияли жамоатчилик масканларига айлантириш зарур. Уларда қўшимча болалар ва спорт зоналари, аттракционлар, фитнес-марказлар, соғломлаштириш ва таълим муассасалари, компьютер клублари, фуд-кортлар ва бошқа хизматлар пайдо бўлиши мумкин.
Бироқ бундай трансформация биноларни реконструкция қилиш ва бўш майдонларни қайта жиҳозлашни ўз ичига олгани боис катта харажатларни талаб қилади. Шу муносабат билан депутат қуйидагиларни назарда тутишни таклиф қилган:
- Реконструкция даврида муайян савдо марказлари учун солиқ таътиллари бериш;
- Бино ва савдо майдонларини реконструкция қилиш ҳамда қайта жиҳозлаш учун қулай кредитлар ажратиш;
- Бизнеснинг муқобил йўналишлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
- Бинолар ва савдо майдонларини қайта қуриш бўйича намунавий (типовой) ечимларни тайёрлаш;
- Дастур иштирокчилари учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.
Бундан ташқари, Перуашев Иқтисодий фаолият турларининг умумий классификатори бўйича 68204-кодли – “Савдо кўчмас мулкини ижарага бериш ва бошқариш” фаолияти учун ҳам махсус солиқ режимини қўллашга рухсат беришни таклиф қилган.
Мажлис аъзосининг фикрича, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар иш ўринларини сақлаб қолиш, савдо инфратузилмаси фойдалилигини ошириш ва савдо марказларига янги иш форматларига ўтишда ёрдам беради.
Live
Барчаси