Япониялик олимлар Эбола Европага ва Осиёга қачон етиб боришини айтди

Олам

image

Япониялик олимлар томонидан ўтказилган математик моделлаштириш натижаларига кўра, Африкада Эбола вирусини юқтирган шахслар 30 кун ичида юқори эҳтимол билан Европа ва Осиёнинг йирик транзит аэропортларига етиб бориши мумкин. Бу ҳақда medRxiv порталида эълон қилинган Рё Киносита, Мотои Судзуки ва Дайсукэ Ёнээкининг тадқиқотига таяниб, “Известия” газетаси хабар берди.

Тадқиқот Конго Демократик Республикаси ва Угандадан вирус ташувчилари фойдаланиши мумкин бўлган авиация йўналишлари таҳлилига асосланган. Олимлар фикрича, бир ой ичида вирус юқтирган шахслар Бельгия, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия каби йирик халқаро транспорт марказларига етиб бориши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, энг салбий сценарийда Бельгияда вирус юқтирган йўловчининг аниқланиш эҳтимоли 92 фоизни, Францияда 91 фоизни, БААда 88 фоизни, Туркияда эса 86 фоизни ташкил этади.

Япониялик олимлар ўз моделига 11 264 та аэропорт, 569 741 та авиайўналиш ва тахминан 330 миллион йўловчи ҳақидаги маълумотларни киритган. Тадқиқотда таъкидланишича, мазкур дастлабки прогнозлар халқаро вазиятни тезкор кузатиш учун асос яратади, бироқ вирус юқтирган шахснинг мамлакатга кириб келиши инфекция кейинчалик тарқалишини англатмайди.

Тадқиқотга муносабат билдирган Россия Фанлар академиясининг А.А. Харкевич номидаги Ахборот узатиш муаммолари институти етакчи илмий ходими Александр Соколовнинг таъкидлашича, агар моделдаги асосий шартлар кескин ўзгармаса, ҳисоб-китоблар келгуси давр учун ҳам долзарб бўлиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола вируси эпидемияси фонида шифокорларнинг иш ташлаши бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Тиббиёт ходимлари иш ҳақини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кўпайтиришни талаб қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Эбола

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг