Украина G7 саммити арафасида Москвага дронлар ҳужуми уюштирди (видео)

Олам

image

Кеча, 15 июнь кечаси ва 16 июнь тонгида Москва ҳамда Москва вилояти яна Украина Қуролли кучларининг учувчисиз учиш аппаратлари билан оммавий ҳужумига учради. Бу ҳақда “Gazeta.ru” хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳужумлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан қайтарилган. Бироқ дронлардан бири Москва нефтьни қайта ишлаш заводи ҳудудига етиб бориб, объектга шикаст етказган. Жабрланганлар йўқ, ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар иш олиб бормоқда.

Москва шаҳар мэри Сергей Собянин 16 июнь куни эрталаб ўзининг каналида “Мудофаа вазирлиги ПВО тизими томонидан 25 та учувчисиз қурилма йўқ қилинди”, деб маълум қилди.

Ҳужум бир неча тўлқинда амалга оширилган. Илк дронлар соат 05:40 атрофида уриб туширилгани ҳақида хабар берилган. Кейинги соатларда яна янги нишонлар йўқ қилингани айтилган ва умумий ҳисобда уриб туширилган дронлар сони 60 тага етган. Москвадаги Домодедово ва Жуковский аэропортлари эса вақтинча рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни тўхтатган.

Расмийлар Москвада қурбонлар ва жиддий вайронгарчиликлар йўқлигини билдирган бўлса, айрим оммавий ахборот воситалари ҳамда Telegram каналларида турли маълумотлар тарқалган.

Мониторинг каналлари саноат объекти устида олов устуни ва қуюқ тутун кўринган видео ҳамда суратларни тарқатган. Бироқ бу тасвирларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган.

Мазкур ҳолатда энг асосий расмий манба Москва мэрининг баёноти бўлиб, унда кенг кўламли ёнғин ҳақида эмас, балки объектга “шикаст етказилгани” ҳақида сўз юритилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳужумлар Францияда ўтаётган G7 саммити арафасида амалга оширилди. Украина Президенти Владимир Зеленский шу арафада 15–17 июнь кунлари Францияда бўлиб ўтадиган G7 саммити доирасида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашишни таклиф қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Украина G7 саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг