Россия Финляндия биқинида йирик ҳарбий база қурмоқда
Олам
−
12 Июнь 3625 2 дақиқа
Россия Карелияда – Финляндия чегарасидан бор-йўғи бир неча ўн километр узоқликда янги ҳарбий шаҳарча қуришни бошлади. Бу ҳақда финляндиялик ҳарбий эксперт ва собиқ разведка офицери Марко Эклун ҳамда сунъий йўлдош суратларига таяниб, “Yle” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Петрозаводск яқинидаги Новая Вилга қишлоғида аллақачон ўнтача йирик казарма бинолари қад ростламоқда. Ушбу бўлажак объект сўнгги ўн йилликлар ичида Финляндия чегараси яқинида қурилган энг йирик Россия гарнизонларидан бирига айланиши мумкин.
Қурилишнинг фаол босқичи 2026 йилнинг баҳорида бошланган. Ҳудудни тайёрлаш ишлари эса ўтган йилнинг охиридаёқ йўлга қўйилган: ноябрь ойида илк бор дарахтларни кесиш ҳолатлари қайд этилган, шундан сўнг қишда майдонда кенг кўламли ер қазиш ишлари бошлаб юборилган.
Сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили шуни кўрсатадики, ишлар жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Бўлажак ҳарбий шаҳарча ҳудудида аллақачон янги инфратузилма объектлари, жумладан, йирик казарма комплекслари шакллантирилмоқда.
Финляндиялик кузатувчиларнинг қайд этишича, лойиҳа миқёси минтақадаги аввалги ҳарбий ишлардан сезиларли даражада фарқ қилади, чунки улар илгари асосан Совет давридан қолган объектларни реконструкция ва модернизация қилиш билан чекланиб келар эди. Уларнинг баҳолашича, янги гарнизон сўнгги ўн йилликлар ичида Россия томонидан Финляндия чегараси яқинида қурилган энг йирик ҳарбий объектлардан бири бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия Ҳарбий-денгиз кучлари Фин қўлтиғида – Россия чегараси яқинида “Narrow Waters 26-1” машғулотларини ўтказганди.
Live
Барчаси