БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянс тузмоқда

Олам

image

БМТда янги ташаббусга старт берилди – Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянс низолар рекорд даражага етган, тенгсизлик чуқурлашиб бораётган ва иқлим ўзгаришлари тезлашаётган бир шароитда инсон ҳуқуқларини қарорлар қабул қилиш жараёнининг марказига қўйишга қаратилган. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, альянс кенг доирадаги иштирокчиларни  – ҳукуматлар, фуқаролик жамияти, бизнес, шаҳарлар, диний етакчилар, олимлар ва ёшларни ягона платформа атрофида бирлаштиришни мақсад қилган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг (ИҲОКБ) концептуал эслатмасида айтилишича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими мисли кўрилмаган босимга учрамоқда: ҳуқуқбузарликлар жазосиз қолмоқда, фуқаролик жамияти учун майдон торайиб бормоқда, айрим давлатлар кўп томонлама мажбуриятлардан чекинмоқда, молиялаштиришнинг жиддий етишмовчилиги эса бутун ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасига таҳдид солмоқда.

Яқин бир ой ичида бир қатор аниқ ташаббуслар, жумладан, бизнес ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича глобал қўллаб-қувватлаш хизмати, рақамли инновацияларга бағишланган “RightsX” саммити ҳамда таълимнинг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари таълимини жорий этишга қаратилган “Ҳар бир синфда инсон ҳуқуқлари” дастури бошланади.

Альянс бир марталик кампания эмас, балки узоқ муддатли лойиҳа сифатида режалаштирилган. Ушбу ташаббуснинг биринчи уч йиллик босқичи якунланиши 2028 йил 10 декабрда нишонланадиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 80 йиллигига тўғирланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти махсус комиссияси келаси ҳафта Ливандаги урушда қайси томон халқаро қонунларни бузганини текшириш мақсадида терговчилар гуруҳини жўнатиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Инсон ҳуқуқлари глобал альянс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг