Италия украиналик юзлаб болаларнинг ватанга қайтишига рухсат бермаяпти
Олам
−
12 Июнь 2123 3 дақиқа
Италия 2022 йилда уруш сабаб Италияга эвакуация қилинган 300 дан ортиқ украиналик вояга етмаганларнинг мамлакатига қайтишига рухсат бермаяпти. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Можаро 15 ёшли Саша исмли ўсмир билан боғлиқ ҳолатдан сўнг янада кескинлашган. Маълум қилинишича, унинг онаси фарзандининг қайтишини истаётганига қарамай, Италия суди болани италиялик оила томонидан фарзандликка олишга рухсат берган. Оқибатда бу масала икки давлат ўртасидаги халқаро баҳсга айланган.
“Италия расмийлари болаларнинг тақдири бўйича Киев билан етарли даражада ҳамкорлик қилмаяпти ҳамда украиналик мутасаддиларнинг болалар ҳолатини назорат қилишига тўсқинлик қилмоқда”, дейди Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинец.
Унинг фикрича, уруш бошида амалга оширилган эвакуация вақтинчалик чора бўлган ва болалар хавфсиз ҳудудларга қайтарилиши керак.
Масаланинг илдизи 2022 йилга бориб тақалади. Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Украинанинг Суми шаҳридаги болалар уйи директори Любов Рудика қарамоғидаги 25 нафар болани Италияга олиб кетган. У болалар бир муддат хавфсиз жойда яшаб, кейинчалик Украинага қайтади деб ҳисоблаган. Бироқ Италияга етиб келганидан кўп ўтмай, болаларга италиялик қонуний васийлар тайинлана бошлаган. Италия ҳукумати Рудикани болаларнинг расмий васийси сифатида тан олмаган ва уларни қаровсиз вояга етмаганлар сифатида рўйхатдан ўтказган. Натижада болалар Италия қонунчилиги ҳимоясига ўтган.
Италиялик адвокат Роза Эмануэла Ло Фаронинг сўзларига кўра, айрим болалар Украинадаги ҳаётидан деярли узилиб қолган. Вақт ўтиши билан улар украин тилини ва урф-одатларини унутиб, Италия муҳитига мослашиб бормоқда. Шу сабабли судларда болаларнинг фикрини аниқлаш ҳам тобора мураккаблашмоқда.
2023 йилда Украина ҳукумати эвакуация қилинган болаларни мамлакатнинг нисбатан хавфсиз ҳудудларига қайтаришга қарор қилган. Бироқ Италия судлари ҳар бир боланинг ишини алоҳида кўриб чиққанлиги сабабли натижалар турлича бўлган. Айрим болалар Украинага қайтган бўлса, бошқалари Италияда қолган.
Энг кўп муҳокама қилинаётган ҳолатлардан бири Саша билан боғлиқ. Унинг икки нафар синглиси Украинага қайтарилган, бироқ Саша Италияда қолган ва кейинчалик уни тарбиялаб келган оила томонидан фарзандликка олинган. Украинадаги қариндошлари эса ўсмирнинг ватанга қайтишини исташларини билдирган.
БМТ Қочқинлар агентлиги уруш давом этаётган шароитда болаларни Украинага қайтариш фақат ихтиёрий равишда ва боланинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши кераклигини таъкидлаган.
Украина маълумотларига кўра, 2022 йилда 4,8 мингдан ортиқ бола Европанинг турли давлатларига эвакуация қилинган. Ҳозирда эса юзлаб болаларнинг Украинага қайтиши бўйича Италия, Германия ва Австрия билан ҳуқуқий баҳслар давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан суҳбат ўтказиб, дипломатик жараённи фаоллаштириш ва Россия–Украина урушини тугатиш йўлларини муҳокама қилганди.
Live
Барчаси