SpaceX Маскни илк триллионер мақомига яқинлаштирди

Бу қизиқ

image

SpaceX компанияси акцияларини бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) жараёнида 75 миллиард доллар жалб қилди ва бу жаҳон тарихидаги энг йирик биржага чиқиш воқеаси бўлди. Компания акциялари донаси учун 135 доллар нархда жойлаштирилди, таклиф этилган акциялар ҳажми эса 555,6 миллион донани ташкил этди. Бу ҳақдаги ҳужжат компания веб-сайтида эълон қилинди.

Жойлаштириш якунларига кўра, SpaceX’нинг бозор қиймати 1,77 триллион долларга, опционлар ва бошқа потенциал акцияларни ҳисобга олган ҳолда эса тахминан 1,8 триллион долларга етди. Компания “Nasdaq” биржасида SPCX тикери остида савдоларни бошлайди.

Ушбу янги жойлаштириш Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть компанияси томонидан 2019 йилда ўрнатилган (ўшанда 29,4 миллиард доллар жалб қилинган эди) аввалги рекордни икки баравардан кўпроққа янгилади. Шу билан бирга, SpaceX акцияларига бўлган талаб таклиф ҳажмидан тўрт баравардан ҳам кўпроқ юқори бўлди.

Компания, шунингдек, ташкилотчи банкларга қўшимча 83,3 миллион дона акция сотиб олиш опционини ҳам тақдим этди. Ундан тўлиқ фойдаланилган тақдирда, жойлаштириш ҳажми тахминан 86 миллиард долларгача ўсади.

“Bloomberg” маълумотларига кўра, чакана инвесторлар 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ учун ариза топширган. Бундай юқори талаб шаклланишида компания асосчиси Илон Маскнинг хусусий инвесторлар орасидаги машҳурлиги муҳим рол ўйнаган.

Бироқ ҳамма таҳлилчилар ҳам бозордаги бу кўтаринкиликни маъқулламаяпти. Таниқли инвестор Жеймс Чанос ушбу жараённи “умид ва орзулар IPO’си” деб атаган ва компанияга бўлган қизиқиш бизнеснинг фундаментал кўрсаткичларига эмас, балки кўпроқ сунъий интеллект ҳамда Маскнинг шахсияти билан боғлиқ кутилмаларга асосланганини таъкидлаган.

SpaceX ўзини нафақат космик компания, балки сунъий интеллект бозорининг бўлажак етакчиларидан бири сифатида ҳам тақдим этмоқда. Компания сунъий интеллект дастурчиларига, жумладан, Anthropic ва Google’га ҳисоблаш қувватларини тақдим этишдан сезиларли даромад олишни кўзламоқда.

Акцияларни жойлаштиришдан сўнг Илон Маскнинг бойлиги “Bloomberg Billionaires Index” баҳолашига кўра, тахминан 275 миллиард долларга кўпайиб, деярли 970 миллиард долларга етади. Шу тариқа, тадбиркор тарихдаги бойлиги 1 триллион доллардан ошадиган биринчи инсон мақомига жуда ҳам яқинлашиб олди.

IPO ташкилотчилари сифатида Goldman Sachs, Morgan Stanley, Bank of America, Citigroup ва JPMorgan Chase банклари иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SpaceX компанияси IPO олдидан инвесторлар учун тақдим этган ҳужжатларида компания раҳбари Илон Маскнинг йиллик расмий маоши 2019 йилдан бери 54 минг доллар эканини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

акция SpaceX Илон Маск IPO триллионер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг