Жаҳон чемпионатида қайси рекордлар янгиланиши мумкин?

Спорт

image

2026 йилги Жаҳон чемпионати турнир тарихидаги энг йирик мусобақа сифатида тарихга кириши кутилмоқда. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган мусобақада илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади. Бу эса нафақат формат, балки бир қатор статистик кўрсаткичлар бўйича ҳам янги рекордлар ўрнатилиши эҳтимолини оширади.

Энг катта ўзгариш ўйинлар сонида кузатилади. 1998-2022 йиллар оралиғидаги Жаҳон чемпионатларида 64 тадан учрашув ўтказилган бўлса, 2026 йилги мусобақада бу кўрсаткич 104 тага етади. Табиийки, бу голлар сони бўйича ҳам янги рекорд қайд этилиши эҳтимолини кучайтиради. Ҳозирча бир чемпионатда энг кўп гол урилган турнирлар 1998 ва 2014 йиллардаги мусобақалар бўлиб, уларда жами 172 тадан гол қайд этилган.

Қатнашчилар сони ҳам тарихий даражага чиқади. Илк бор 48 та миллий жамоа Жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради. Бу эса финал босқичида майдонга тушадиган футболчилар сонининг ҳам сезиларли ортишига олиб келади.

2026 йилги мундиаль яна бир жиҳати билан алоҳида аҳамиятга эга. Турнирга тарихда биринчи марта уч давлат – АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилмоқда. Шунингдек, Мексика Жаҳон чемпионати ўйинларини учинчи марта қабул қилаётган илк мамлакатга айланди.

Шахсий рекордлар нуқтаи назаридан ҳам турнир жуда қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Агар терма жамоалари билан мусобақада иштирок этса, Лионель Месси ва Криштиану Роналду тарихда олти марта Жаҳон чемпионатида қатнашган илк футболчиларга айланади. Ҳозирча рекорд бешта мундиаль иштирокидан иборат.

Месси шунингдек, Жаҳон чемпионатларидаги ўйинлар сони бўйича ўз рекордини янада яхшилаши мумкин. Аргентиналик юлдуз ҳозирнинг ўзида 26 та учрашув билан бу борада мутлақ етакчи ҳисобланади.

Голлар бўйича рекорд ҳам хавф остида турибди. Ҳозиргача германиялик ҳужумчи Мирослав Клозе мундиаллар тарихида 16 та гол билан энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Месси ҳисобида 13 та, франциялик юлдуз Килиан Мбаппе ҳисобида эса 12 та гол мавжуд. Шу боис ҳар икки футболчи жорий турнирда Клозенинг натижасига етиб олиши ёки уни ортда қолдириши мумкин.

Месси яна бир муҳим кўрсаткич – Жаҳон чемпионатларидаги ғалабалар сони бўйича ҳам рекордни янгилаш имкониятига эга. Ҳозирча бу борада Клозе 17 та ғалаба билан пешқадам бўлса, аргентиналик футболчи ҳисобида 16 та ғалаба бор. Месси терма жамоаси билан кафолатланган 3 та учрашувда майдонга тушишини ҳисобга олинса, бу рекорд ҳам кўп эҳтимол билан жорий мундиалда янгиланади.

Испания терма жамоасининг ёш истеъдоди Ламин Ямаль ҳам тарихий натижа қайд этиши мумкин. Агар у турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилса, Жаҳон чемпионати тарихида мазкур совринни қўлга киритган энг ёш футболчига айланади. Ҳозирча бу рекорд 1986 йилги мундиальда 25 ёшида “Олтин тўп”ни қўлга киритган Диего Марадонага тегишли.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Шу сабабли, терма жамоанинг мундалдаги ҳар бир голи, ҳар бир очкоси ва ҳар бир сариқ ҳамда қизил карточкалари “Оқ бўрилар” учун тарихий бўлади.

Ўзбекистон жорий йилнинг 18 июнь куни Колумбия терма жамоасига қарши Жаҳон чемпионатидаги дастлабки учрашувини ўтказади. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан тонгги соат 07:00 да Мексикадаги “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. Шундан сўнг, терма жамоа 23 июнь куни Португалия билан, 27 июнь куни эса Конго Демократик Республикаси билан баҳс олиб боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Лионель Месси Килиан Мбаппе Криштиану Роналду Жаҳон чемпионати рекорд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг