Ўзбекистон ва Жазоир тоғ-кон соҳасида йирик ҳамкорликни бошлайди
Жамият
−
12 Июнь 2000 2 дақиқа
Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида тоғ-кон саноати, геология-қидирув ишлари, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Жазоир тоғ-кон саноати вазири Мунир Ханифи билан учрашувда икки давлатнинг табиий бойликлар ва геология соҳасидаги салоҳияти юқори экани таъкидланиб, мазкур йўналиш икки томонлама ҳамкорликнинг янги ўсиш нуқталаридан бири сифатида қайд этилган.
Томонлар геология-қидирув ишларини биргаликда олиб бориш, истиқболли конларни ўзлаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини муҳокама қилган.
Жазоир ташқи савдо ва экспортни ривожлантириш вазири Камол Разиқ билан бўлиб ўтган мулоқотда эса савдо ҳажмини ошириш, янги логистика йўлакларини яратиш, тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини рағбатлантириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолиятини йўлга қўйиш, ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳамда Ал-Жазоир шаҳрида “Made in Uzbekistan” кўргазмасини ўтказиш орқали икки мамлакат тадбиркорлари учун янги имкониятлар яратиш таклиф этилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда сўнгги йилларда геология соҳасини модернизация қилиш, янги конларни аниқлаш ва стратегик минераллар захирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада 3D сейсморазведка, аэрогеофизика ва рақамли геология технологиялари жорий этилиб, геология-қидирув ишлари ҳажми бир неча баробарга оширилди. Мамлакат ҳудудида литий, вольфрам, молибден, титан, графит ва бошқа технологик аҳамиятга эга 30 дан ортиқ минерал турлари мавжуд.
Шунингдек, 2030 йилгача Ўзбекистон геология ва тоғ-кон саноатига 30 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилишни режалаштирган. 2025 йилда мамлакат саноат маҳсулотлари ҳажмининг қарийб 20 фоизи ушбу тармоқ ҳиссасига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси (қароргоҳи Қоҳира шаҳрида) Мансурбек Қиличев Жазоир Ташқи ишлар, хориждаги ватандошлар ва Африка ишлари вазири Аҳмад Аттафга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширганди. https://qalampir.uz/news/uzbekistonning-zhazoirdagi-birinchi-elchisi-tayinlandi-135826
Live
Барчаси