Рафиқасини бўғизлаган ҳамюртини уйига киритган ўзбекистонлик ҳам қамалиши мумкин
Олам
−
11 Июнь 7896 3 дақиқа
Туркияда ўзбекистонликларнинг вафот этиши билан боғлиқ хабарлар тинмаяпти. Куни кеча мамлакатга ота-онаси билан саёҳатга борган Муҳаммад исмли 6 яшар ўзбекистонлик бола Истанбулнинг энг гавжум мавзеси Лалелида трамвай рельси остида қолиб вафот этди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. 2025 йилнинг 17 августида Истанбулда ваҳший қотиллик қурбони бўлган самарқандлик Нигина Сатторова иши бўйича эса суд мажлиси ҳали давом этмоқда. Бугун ушбу жиноят тафсилотларига тўхталамиз.
Ўтган йилнинг 17 август куни Туркиянинг ўзбекистонликлар энг кўп истиқомат қиладиган мегаполиси Истанбулнинг Умрония туманида ўзбекистонлик 33 яшар Нигина Сатторова турмуш ўртоғи Умид Сатторов томонидан бўғзидан пичоқлаб ўлдирилган эди. Ушбу ҳолат мамлакатда катта резонансга сабаб бўлиб, аёллар ҳуқуқлари бўйича норозиликларни келтириб чиқарганди.
Нигина Сатторованинг кўча ўртасида ўлдирилиши юзасидан олиб борилган тергов ишлари якунланди. Прокуратура жиноятни содир этганликда айбланаётган унинг турмуш ўртоғи Умид Сатторовга нисбатан оғирлаштирилган умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради.
Шунингдек, давлат қораловчиси қотилликни содир этган шахсга ёрдам бергани, хусусан уни яширганликда айбланаётган иккинчи гумонланувчи – жиззахлик Ўринбой Ботирбековга эса 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланишини сўраган.
Гап шундаки, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тергов давомида уяли алоқа компанияларидан қўлга киритилган маълумотлар қотилликда гумонланувчи Умид Сатторов ва унга қотилликда ёрдам берганликда гумонланаётган дўсти Ўринбой Ботирбеков қотиллик содир этилган куни телефон орқали суҳбатлашгани ва улар бир жойда бўлганини тасдиқлаган.
Бироқ, бу ҳали Ботирбековнинг айби расман тасдиқланди дегани эмас. Суд тасдиқламагунича Ботирбеков ҳам, Сатторов ҳам айбсиз. Шу маънода қотилликда ёрдамлашган деб гумонланаётган Ўринбой Ботирбековнинг Ўзбекистондаги яқинлари – укаси Мирваҳоб Ботирбеков QALAMPIR.UZ билан боғланиб, воқеага аниқлик киритишни, укасининг ҳақиқатларини жамоатчилик ва ҳуқуқ-тартибот органларига етказишни истади.
Мирваҳобнинг сўзларига кўра, онаси ўғли Туркияда қамалганини эшитиб юрак хасталигига учраган. Отаси бўлса қарз кўтариб ўғлини қутқариш учун қўлидан келган барча ишларни қиляпти.
Гумонланувчи Умид Сатторов қўлга олинган вақтда эгнида бўлган шим ва пойабзалида қон доғлари аниқлангани ҳамда олинган намуналар марҳума Нигина Саттарованинг ДНКси билан мос келиши маълум бўлди. Адлия тиббиёт экспертизаси томонидан тайёрланган отопсия ҳисоботида марҳуманинг бўғзида 5 та кесилган жароҳат ва ўзини ҳимоя қилишга уринишдан қолган бир дона кесик яра борлиги аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, қотилликка рашк туфайли келиб чиққан жанжал сабаб бўлган.
Истанбул полицияси томонидан олиб борилган қидирув ишлари давомида гумондор 2025 йилнинг 18 август куни – воқеа содир бўлганидан бир кун ўтиб, Умрония ҳудудида қўлга олинган. Шунингдек, жиноятчини яширишга ёрдамлашганликда гумон қилинаётган, асли Жиззах вилоятидан бўлган Ўринбой Ботирбеков ҳам полиция томонидан ўша куннинг ўзида ушланган.
Суриштирув ишлари якунига етгач, 19 август куни гумонланувчиларга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, бу Туркияда ўзбекистонлик аёлларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Ёдингизда бўлса, Туркиянинг Баликесир вилоятидан 46 ёшли Дилафруз Чўлиеванинг жасади топилиб, Ўзбекистонга қайтарилганди. Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, олдинроқ Туркиянинг Истанбул шаҳри Шишли туманида чиқинди йиғувчи томонидан ахлат контейнеридан ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади топилган эди.
Кейинроқ мазкур иш доирасида у ўлдирилган Умрониядаги уйда яна бир ўзбекистонлик аёл – Сайёра Эргашалиева ҳам бўлаклаб ўлдирилганди.
Бундан ташқари, Туркиянинг Измир шаҳрида Ўзбекистон фуқароси кўп қаватли тураржой биносининг тўртинчи қаватидан тушиб кетгани хабар қилинган эди. Ушбу ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳатлари олган 22 ёшли аёл вафот этди.
Live
Барчаси