XXI аср мундиаллари: энг яхши очилиш маросимлари рейтинги қандай?

Таҳлил

image

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати шунчаки спорт мусобақаси эмас, у ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган ва миллиардлаб инсонлар диққат марказида бўладиган глобал маданий воқелик ҳисобланади. Турнир ҳақидаги илк таассурот эса кўп ҳолларда майдондаги ўйиндан эмас, балки очилиш маросимидан бошланади.

Бугун, 11 июнь куни Мексикада 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионати расман старт олади. Бу мундиаль тарихга бир қатор янгиликлари билан кириши кутилмоқда. Хусусан, Жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор очилиш маросимлари бир эмас, уч мамлакат – Мексика, Канада ва АҚШда ташкил этилади. Ҳар бир маросим ушбу давлатларда ўтказиладиган илк учрашув олдидан бўлиб ўтади ва концепцияси, иштирокчилари ҳамда маданий дастури жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ қилади. Бу эса FIFA тарихида аввал ҳеч қачон кузатилмаган формат ҳисобланади. Шу муносабат билан XXI асрда ўтказилган Жаҳон чемпионатлари очилиш маросимларига назар ташлаш, уларнинг кўлами, таъсири ва тарихда қолдирган изини таҳлил қилиш орқали 2026 йилги мундиал қандай ўзига хос воқеа бўлаётганини кўриш мумкин.
XXI асрда FIFA Жаҳон чемпионатлари очилиш маросимлари оддий концертлардан юқори технологияли шоуларга айланди. Баъзилари мухлислар ва таҳлилчилар томонидан тарихдаги энг яхши маросимлар сифатида эътироф этилган бўлса, айримлари баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.

2002: Осиёнинг илк мундиали 

Япония ва Жанубий Корея мезбонлик қилган 2002 йилги Жаҳон чемпионати футбол тарихида биринчи марта икки давлатда ўтказилди.
Очилиш маросими корейс ва япон маданиятини уйғунлаштиришга қаратилган бўлиб, унда минглаб раққослар ва барабанчилар иштирок этди. Бироқ шоу техник жиҳатдан мукаммал бўлса-да, у глобал аудиторияда катта эмоционал таъсир қолдирмаган.Сабаби, мундиаль илк бор Осиёда ташкил қилинмоқда ва аксар Ғарб давлатлари, жумладан, Осиё мамлакатлари учун ҳам бу икки мамлакатнинг тарихи ва маданяти унчалик ҳам яқин бўлмаган. Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, маросим FIFA’нинг янги асрга қадам қўйиш рамзи бўлган, аммо кейинги мундиаллар даражасидаги маданий таъсирга эга эмас эди. Очилиш маросимида Шарқ маданияти, анъанавий мусиқа ва минглаб иштирокчилар қатнашган саҳнавий чиқишлар намойиш этилган. Бироқ ўша даврда ижтимоий тармоқлар ва YouTube ҳали ривожланмагани учун бу маросимнинг рақамли таъсири чекланган бўлиб қолди. 

2006: Германия тартиб ва технологияни намойиш қилди 

Германиядаги мундиал очилиш маросими Европа услубидаги аниқлик ва ташкилотчилик билан эсда қолди. Тадбир Мюнхен шаҳридаги “Альянц Арена” стадионида ўтказилган. Маросимнинг асосий ғояси футбол тарихи ва Европа футбол маданиятини намойиш этишдан иборат эди. Очилиш маросимининг энг таъсирли қисми эса Жаҳон чемпионати ғолиблари бўлган футбол афсоналарининг майдонга чиқиши бўлди. Жами 170 нафардан ортиқ собиқ жаҳон чемпиони Мюнхенга таклиф қилинган. Улар орасида Аргентина футболи афсонаси Диего Марадона, Англия футболи рамзи Бобби Чарльтон ва Италия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жузеппе Бергоми каби машҳур шахслар бор эди.

Маросимда 1400 нафардан зиёд раққос, артист ва мусиқачи иштирок этган. Шунингдек, турли қитъалардан 120 нафар барабанчи махсус саҳна кўринишларида қатнашган. Шоу тахминан 30 дақиқа давом этган. Трансляция дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатларига етказилган. Бироқ кўплаб таҳлилчилар ушбу очилишни техник жиҳатдан мукаммал, аммо эмоционал таъсири жиҳатидан кучсиз деб баҳолаган. 

2010: Африка футболнинг марказида

Аксарият таҳлилчилар XXI асрдаги энг таъсирли очилиш маросимларидан бири сифатида айнан Жанубий Африкадаги 2010 йилги мундиални кўрсатади. Бу Африка қитъасида ўтказилган илк Жаҳон чемпионати эди.

Очилиш маросимида африкалик мусиқачилар, миллий маданият, рақс ва барабанлар уйғунлаштирилди. Аммо турнирнинг ҳақиқий символига айланган воқеа Шакиранинг “Waka Waka (This Time for Africa)” қўшиғи бўлди.
Қўшиқ FIFA тарихидаги энг машҳур мундиаль қўшиғига айланди. Унинг расмий видеоси миллиардлаб кўришлар йиғган ва ҳозиргача Жаҳон чемпионати билан боғлиқ энг машҳур мусиқий контент ҳисобланади. Ҳозирга келиб, қўшиқнинг YouTube’даги кўришлари 4,5 миллиарддан ошган. Йоханнесбургдаги “Соккер Сити” стадионида бўлиб ўтган маросимда 1500 нафардан зиёд артист иштирок этган. FIFA маълумотларига кўра, турнир дунёнинг 215 мамлакатида намойиш қилинган.

Бугун ҳам кўплаб мухлислар учун “Waka Waka” 2010 йилги мундиалнинг ўзи билан тенг маънода қабул қилинади. Кейинчалик ушбу қўшиқ FIFA тарихидаги энг машҳур мундиаль қўшиғи сифатида эътироф этилди ва Spotify платформасида Жаҳон чемпионатлари қўшиқлари орасида энг кўп тингланган композиция мақомини олди. Шу билан бирга, турнир вувузела товушлари билан ҳам ёдда қолди. Айрим томошабинлар буни Африка руҳининг бир қисми деб қабул қилган бўлса, бошқалар трансляция сифатига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлаган.

Очилиш маросими арафасида яна бир ноодатий воқеа содир бўлган эди. Жанубий Африканинг биринчи президенти Нельсон Мандела набираси ҳалокатга учрагани сабабли маросимда иштирок эта олмаган ва бу бутун мамлакат учун катта қайғу бўлиб қабул қилинган. 

2014: Бразилия карнавали 

Бразилиядаги очилиш маросими футбол ва самба уйғунлигига айланди. Шоуда юзлаб раққослар иштирок этди, мамлакатнинг карнавал маданияти намойиш қилинди. Турнирнинг расмий қўшиғи “We Are One (Ole Ola)” эди. Сан-Паулу шаҳридаги очилиш маросимида юзлаб раққослар, минглаб техник элементлар ва замонавий саҳна технологиялари қўлланилди. Маросимда Женнифер Лопес, Питбулл ва Клаудия Лейтте иштирок этган. Бироқ таҳлилчиларнинг бир қисми Бразилия футбол тарихи ва маданияти имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаганини қайд этган. Бироқ Бразилиядаги ижтимоий норозиликлар очилиш маросимига ҳам соя ташлаган. Айрим фуқаролар турнир учун сарфланаётган маблағлар мамлакатнинг ижтимоий муаммолари ҳал этилишига йўналтирилиши кераклигини таъкидлаган. Шунга қарамай, турнир давомидаги атмосфера ва мухлислар фаоллиги 2014 йилги мундиални энг ёрқин мусобақалардан бирига айлантирди.

 2018: Россия технологик шоу намойиш қилди 

Россиядаги очилиш маросими нисбатан қисқа, аммо юқори технологияли форматда ташкил этилди. Москвадаги “Лужники” стадионида ўтказилган шоунинг асосий юлдузи Робби Уильямс бўлди. Унинг саҳнадаги баҳсли ҳаракати бутун дунё матбуотида муҳокама қилинди ва очилишнинг энг кўп эсда қолган воқеасига айланди. Шу билан бирга, Россия мундиали ташкилотчилик ва трансляция сифати бўйича юқори баҳоланган. Бироқ бутун дунё ОАВлари энг кўп Робби Уильямснинг эфир вақтидаги баҳсли ҳаракати ҳақида ёзди. Бу ҳолат очилиш маросимидаги энг кўп муҳокама қилинган воқеага айланди. Шунга қарамай, Россия турнири умумий ташкилотчилик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан юқори баҳоланган.

2022: Қатар баҳслар марказида 

Қатар мундиали очилиш маросими XXI асрдаги энг кўп муҳокама қилинган тадбирлардан бири бўлди. 2022 йилги Қатар мундиали эҳтимол XXI асрдаги энг баҳсли очилиш маросими ҳам ҳисобланади. Бир томондан, Ал-Байт стадионида ўтказилган шоу визуал жиҳатдан фавқулодда юқори даражада ташкил қилинди. Маросимда америкалик актёр Морган Фриман, қатарлик Ғаним ал-Муфтаҳ ва BTS гуруҳи аъзоси Жонгкук иштирок этди. FIFA маълумотига кўра, очилиш маросими миллиардлаб томошабинлар томонидан кузатилган. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари, меҳнат муҳожирлари ва LGBTQ мавзулари атрофидаги баҳслар Қатар мундиали очилишини спортдан кўра кўпроқ сиёсий муҳокама марказига айлантирди. Ҳатто Буюк Британиянинг BBC телерадиокомпанияси очилиш маросимини асосий эфирда тўлиқ намойиш қилмаслик қарорини қабул қилган эди.

Тарихда илк бор Жаҳон чемпионати араб мамлакатида ўтказилгани ва турирнинг очилиш маросими Қуръони Карим тиловати билан бошлангани кўплаб мусулмон мамлакатларнинг олқишига сабаб бўлганган бўлса, Ғарб давлатлари томонидан унчалик ҳам олқишланмаган. Шунга қарамай айрим мутахасистлар унинг эмоционал таъсири 2010 йилги Африка мундиали даражасига етмаганини қайд этган. 

2026 йилги Жаҳон чемпионатининг очилиш маросимларидан нимлар кутилмоқда? 

2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионатининг финал босқичи бугун, 11 июнь куни старт олади. Бу футбол бўйича ўтказилаётган 23-Жаҳон чемпионати ҳисобланади. Анъанага кўра, мундиаль бошланишидан олдин тантанали очилиш маросими ўтказилади. Бу сафар турнирга АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қилаётгани сабабли Жаҳон чемпионати тарихида илк бор учта алоҳида очилиш маросими ташкил этилади. Биринчи очилиш маросими 11 июнь куни Мехико шаҳридаги машҳур “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. У Мексика ва Жанубий Африка терма жамоалари ўртасидаги турнирнинг очилиш учрашувидан олдин ўтказилади. Маросимнинг асосий юлдузи колумбиялик машҳур қўшиқчи Шакира бўлади. У 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг расмий мадҳияси ҳисобланган “Даи Даи” қўшиғини ижро этади. Шунингдек, саҳнада Жей Балвин ва жанубий африкалик хонанда Тайла ҳам чиқиш қилади. Маросимда Алехандро Фернандес, Белинда, Денни Оушен, Лила Даунс, “Лос Анхелес Асулес”, “Мана” гуруҳи ва бошқа санъаткорлар ҳам иштирок этади. Жаҳон чемпионатининг иккинчи очилиш маросими 12 июнь куни Торонтодаги “Бимо Филд” стадионида бўлиб ўтади. У Канада ва Босния ва Герцеговина терма жамоалари ўртасидаги учрашувдан олдин ташкил этилади. Унда Аланис Мориссетт, Майкл Бубле, Алессия Кара ва Уильям Принс чиқиш қилиши режалаштирилган.

Очилиш маросимларининг якуний қисми 13 июнь куни Лос-Анжелесдаги “Соу-Фай” аренасида бўлиб ўтади. У АҚШ ва Парагвай терма жамоалари ўртасидаги баҳсдан олдин ташкил қилинади. Бу шоунинг асосий юлдузи америкалик машҳур хонанда Кэти Перри бўлади. Шунингдек, саҳнада Анитта, Лиса, Рема, Тайла ва америкалик рэпер Фью́чер ҳам чиқиш қилади.

Шундай қилиб, XXI аср мундиаллари тарихига назар ташланса, ҳар бир очилиш маросими ўз даврининг акс-садоси бўлганини кўриш мумкин. 2002 йил Осиёнинг футбол саҳнасига чиқиши бўлса, 2006 йил Европа тартибининг намойиши эди. 2010 йил Африканинг глобал маданий ғалабасига айланди. 2014 йил Бразилия карнавали, 2018 йил технология ва шоу, 2022 йил эса маданият билан сиёсат кесишган нуқта сифатида ёдда қолди.

Агар маданий таъсир, мухлислар хотираси ва рақамли мерос ҳисобга олинса, кўпчилик экспертлар ҳали ҳам 2010 йилги Жанубий Африка мундиали очилиш маросимини XXI асрнинг энг муваффақиятли ва энг эсда қоларли очилиши сифатида баҳолайди. У нафақат футбол турнирини бошлаб берди, балки бутун бир авлод хотирасида қолган глобал маданий феноменга айланди. XXI асрда Жаҳон чемпионати очилиш маросимлари футболнинг ўзи каби ўзгарди. Агар 2002 ва 2006 йилларда асосий эътибор расмий тантаналарга қаратилган бўлса, 2010 йилдан бошлаб шоу, мусиқа ва глобал маданият марказий ўринни эгаллай бошлади.

Бугунги кунда муваффақиятли очилиш маросими нафақат стадиондаги томошабинларни, балки YouTube, TikTok ва бошқа рақамли платформалар орқали миллиардлаб инсонларни ўзига жалб қила олиши керак.

Шу нуқтаи назардан қараганда, 2010 йилги Жанубий Африка мундиали ҳали ҳам FIFA тарихидаги энг муваффақиятли ва энг эсда қоларли очилиш сифатида қаралмоқда.

Спорт таҳлилчилари ва мухлислар фикрларини умумлаштирганда, XXI асрдаги энг муваффақиятли очилиш маросимлари қуйидагича:

  • Жанубий Африка – 2010
  • Қатар – 2022
  • Бразилия – 2014
  • Россия – 2018
  • Германия – 2006
  • Япония/Жанубий Корея – 2002

2010 йилги мундиаль нафақат очилиш маросими, балки унинг мусиқаси, атмосфераси ва маданий таъсири билан ҳам рақобатчиларидан ажралиб туради.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Россия Жанубий Корея Япония Жаҳон чемпионати Бразилия Мексика FIFA Шакира Женнифер Лопес “Ацтека” Waka Waka “Даи Даи”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг