Фарғонада банк мулозими лезвия билан банкоматлардан катта миқдорда пул ўғирлади

3-саҳифа

image

Фарғонада ўзи ишлаган банкнинг катта миқдордаги пулини талон-торож қилган мансабдор 8 йил-у 6 ой муддатга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатда келтирилишича, 1976 йилда туғилган Д.И. 2006 йил март ойидан 2024 йил август ойига қадар “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона вилоят бош бошқармаси Пластик карточкалар ва чакана амалиётлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. У ҳамкасбларига бириктирилган логин ва пароллардан фойдаланиб, 2019-2024 йиллар давомида 113 нафар мижозга тегишли пластик карталарда шакллантирилган пулни талон-торож қилган. Хусусан, судланувчи мижозларнинг пластик карталарини янги картага алмаштириш жараёнида аслида мавжуд бўлмаган жами 641,2 млн сўмни ҳосил қилиб, бу маблағларни тергов ва судда аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа пластик карталарга мобил иловалар орқали ўтказган. Шундан сўнг, у пулларни банкоматлар орқали ечиб олган.

Бундан ташқари, Д.И. жиноий ҳаракатларини давом эттирган. Хусусан, у “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона вилоят бош бошқармаси “Фарғона амалиёт” БХМга қарашли банкоматлар сейфидаги пулларни яширин равишда талон-торож қилган. У 2023 йил апрель–декабрь ойлари давомида 7 та ҳолатда бозор ҳудудига ўрнатилган банкоматга бориб, тергов ва судда аниқлашнинг имкони бўлмаган калит ёрдамида банкомат сейфини очган ва кассетага қўйилган пломба ипини лезвия ёрдамида эҳтиёткорлик билан қирққан. Шу орқали Д.И. жами 845 млн сўм пулни ўғирлаган. Эркак жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида кассета пломбасидан қирқиб олинган ипни “супер клей” ёрдамида пломбага қайта ёпиштириб, қисқич билан қисган ва кассета пломбасини дастлабки ҳолатга келтирган. У ўғирланган ва талон-торож қилинган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. 

Жорий йилнинг 18 май куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилган. Судда Д.И. айбига иқрор бўлган. У Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисмининг “а” банди ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган. Судланувчига тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 3 йил муддатга банк тизимида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, жабрланувчи Т.Ш. фойдасига 26 млн 130 минг сўм, “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона вилоят бош бошқармаси фойдасига 1 млрд 486 млн 261 минг сўм моддий зарар ундирилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 643,2 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилиш билан боғлиқ йирик коррупцион схема фош этилган эди. Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти Солиқ бошқармаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда бир қатор маҳаллий ва қўшма корхоналарнинг масъул шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда қонунбузилишларга йўл қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

ўғрилик Фарғона банк банкомат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг