Сўнгги ўн йилда илк бор қочқинлар сони камайди – БМТ
Олам
−
11 Июнь 942 2 дақиқа
Бутун дунё бўйлаб қочқинлар сони сўнгги ўн йил ичида биринчи марта камайди. Бундай маълумотларни БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги қайд этди.
Ҳисоботда ҳам қочқинлар, ҳам мамлакат ичида кўчирилган шахслар ҳисобга олинган. Агар биринчи тоифа – ўз ватанидаги урушлар ёки таъқиблардан хорижга қочиб кетган одамлар бўлса, ички кўчирилган шахслар, қоида тариқасида, ўз фуқаролиги бўлган мамлакат ҳудудини тарк этмайди.
Ўтган йили ушбу мақомга эга бўлган тахминан 117,8 миллион киши рўйхатга олинган. Бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 5 миллионга кам: 2024 йилда БМТ қочқинлар ва кўчирилган шахслар сонини тахминан 123,2 миллион нафар даражасида қайд этган.
Қочқинлар сони ҳам, ички кўчирилган шахслар сони ҳам камайган. Бутун дунё бўйлаб қочқинлар сони сезиларсиз даражада – 3 фоизга камайиб, 35,6 миллион кишини ташкил этган. БМТ маълумотларига кўра, ҳар ўнта қочқиндан еттитаси атиги олтита давлат: Афғонистон, Жанубий Судан, Судан, Сурия, Украина ва Венесуэла ҳиссасига тўғри келади.
2025 йил охирига келиб 68,7 миллион киши ўз мамлакатлари ичида кўчирилган шахслар мақомида қолган. Уларнинг деярли ярми (46 фоизи) Судан, Колумбия, Сурия, Яман ва Афғонистонда.
БМТ мажбурий кўчирилган шахслар сонининг камайишини қочқинларнинг ўз ватанига қайтаётгани билан изоҳлаган. 2025 йилда 14,7 миллион киши ўз ҳудудига ёки келиб чиққан мамлакатига қайтган. Уларнинг аксарияти Конго Демократик Республикаси (3,6 млн), Судан (3,5 млн), Сурия (3,3 млн), Афғонистон (2 млн), Украина (718 минг) ва Мьянма (415 минг) фуқароларидир. БМТ қочқинлар сонини ҳисоблашни бошлаганидан бери бу қайтганлар сони бўйича иккинчи энг юқори кўрсаткич.
Шу билан бирга, қочқинлар ҳануз беқарор бўлиб турган, уруш ёки инқироз гирдобидаги мамлакатлар ва минтақаларга қайтмоқда. Қайд этилишича, бунга қабул қилувчи мамлакатларда миграция сиёсатининг кучайтирилиши сабаб бўлмоқда. Ҳисоботда айтилишича, ўз мамлакатидан ташқарида узоқ вақт қолишга мажбур бўлаётган қочқинлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австрия афғонистонликларни Ўзбекистон орқали депортация қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси