“Дангасалик” тамғасидан Скандинавиягача: Швеция ўзбекларни ишга таклиф қилади
Таҳлил
−
11 Июнь 5582 9 дақиқа
Мусофирлик юкини елкасига олган мигрантлар Ўзбекистон учун энг муҳим мавзулардан бири, шубҳасиз. Даврлар мисолида воқеликларни солиштириш кимлар учундир ғалати кўриниши мумкин. Аммо айнан меҳнат муҳожирлари мавзусида Ўзбекистонда икки хил муносабатга гувоҳ бўлаётганимиз ҳеч кимга сир эмас. Одамларнинг, айниқса мигрантларнинг энг кўп эсида қолган, ҳозиргача мисол қилиб эслайдиган воқеалари уларнинг дангаса эканлиги айтилгани.
Эҳтимол, ўша давр сиёсатида бу гапларни айтиш мажбурият бўлгандир, балки ҳақиқатда ҳам шу фикр энг тўғриси деб ишонилгандир. Бу бизга қоронғи. Бироқ четда қон ютиб, совуқда музлаб, оиласига пул топиб юбораётган меҳнаткашлар бу муносабатни “биздан уялишади” деб қабул қилгани бор гап. Ҳатто бу гапдан кейин “Мигрантларни ҳимоя қилиш у ёқда турсин, уларни борлигини тан олиш хоҳланмайди” деган қарашлар шаклланган эди.
Бироқ, Янги Ўзбекистон биринчи маъмурият давридагидек ўз меҳнат муҳожирларига панжа орасидан қарамаяпти. Бу гапни кимгадир ёқиш учун эмас, мигрантларни шароитини яхшилаш, дунёнинг нуфузли, хавфсиз ва янада даромадли соҳаларини эгаллаши учун қилинаётган ҳаракатлар ҳамда давлатлар билан келишувларни кўрганимиз учун айтяпмиз.
Аслида ижобий ўзгаришларга ҳам етарли сабаблар бор. Бугун мигрант юбораётган пул шунчаки унинг ўзининг тирикчилик манбаси эмас, у мамлакат иқтисодиётининг асосий локомотивига айланган. Рақамларга эътибор беринг: 2025 йил якунлари бўйича хориждан Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмаларининг ҳажми рекорд даражага – 18,9 миллиард долларга етди! Бу 2024 йилга нисбатан 27,7 фоизга ёки 4,1 миллиард долларга кўп демакдир. Бу маблағлар ортида миллионлаб оилаларнинг фаровонлиги, қурилаётган уйлар, ўқитилаётган талабалар, сотиб олинаётган машиналар, бошланаётган бизнеслар турибди.
Бироқ, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бугун ҳукумат олдида мигрантларни шунчаки ишга жойлаш эмас, балки уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқий кўмак кўрсатиш масаласи ҳам кўндаланг турибди. Афсуски, ҳанузгача кўплаб мамлакатларда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ жиноий ҳолатлар содир бўлиши, уларнинг жиноят қурбони бўлиши ёки билимсизликдан жиноятга аралашиб қолиши, маҳаллий полиция рейдларида камситилиши ҳолатлари ортгандан ортмоқда. Бу гапни эшитиши билан кўпчиликнинг хаёлига бир давлат келади. Топдингиз – Россия!
Шу йилнинг бошида, 2 январ куни ўзбекистонлик меҳнат муҳожири, самарқандлик эркак Россия куч ишлатар тузилмалари – махсус мақсадли мобил отряди, яъни ОМОН томонидан амалга оширилган қийноқ оқибатида жон бергани маълум қилинди. Аслида бу фожиа 12 декабр куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида содир бўлгани, аммо дарҳол ошкор қилинмагани маълум бўлганди.
Ўзи умуман бу давлатда меҳнат муҳожирларига муносабат жуда кескинлашган. Айниқса Украина билан бошланган урушга ёлланма аскарлар етказиб бериш ғояси пайдо бўлганидан бери, мигрантларни арзимаган сабаблар билан қамоққа олиб, уларни урушга юборишга мажбурлаш ёки узоқ муддатли қамоқ билан қўрқитиш ҳолатлари бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу каби муносабат фақат давлат идораларида эмас, оддий фуқароларининг айримларига ҳам агрессия билан кўчган. Ўзбекистонлик такси ҳайдовчисига қилинган қўпол муносабат эсингиздан чиқмаган бўлса керак.
Ўзбекистон Ташқи менат миграцияси агентлигининг 2025 йил октябрь ойидаги маълумотларига ишонилса, 1,3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Россияда меҳнат мигранти мақомини олган. Бироқ норасмий маълумотларда Ўзбекистоннинг рўзғор дардида хорижга чиқиб кетган фуқаролари 3 миллиондан ортиқлиги, Россияда эса, 2 миллиондан кўп ўзбекистонлик ишлаётгани айтилади. Тобора мигрантларга кескинлашаётган муносабат фонида турли хавф ва хўрликлардан ўзбекистонликларни асраш учун давлат энди миграция географиясини кенгайтиряпти. Бир қатор давлатлар билан шартномалар тузилди.
Сўнгги ўн йилликда хавфсизлик ва ҳуқуқий кафолатлар устувор бўлган 30 дан ортиқ мамлакат билан расмий ҳукуматлараро келишувлар имзоланди. Бу йўналишда Европа ва Осиёнинг етакчи иқтисодиётлари билан аниқ квота ва тармоқлар бўйича амалий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Энди ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига фақат кўча супуриш ёки оғир ишлар эмас, бошқарув, офис, тиббиёт ва ИТ соҳалари ҳам ишониб топшириляпти.
Хусусан, Германия билан имзоланган битим доирасида тиббиёт, транспорт ва қурилиш йўналишларида 40 мингдан зиёд қонуний иш ўрни яратилган бўлса, Буюк Британия ҳукумати билан келишувлар асосан юқори даромадли қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларни қамраб олган. Осиё йўналишида эса, Жанубий Корея анъанавий EPS тизими орқали қарийб 95 минг нафар ҳамюртимизни қонуний иш билан таъминлаб келмоқда. Япония эса, “Махсус малакали ишчи” дастури доирасида қурилиш ва ижтимоий хизмат соҳаларига 10 минг нафар мутахассис қабул қилишни бошлаган. Бундан ташқари, Польша, Венгрия, Литва ва Латвия каби Европа Иттифоқи мамлакатлари билан логистика ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларида, Саудия Арабистони ва Қатар каби Яқин Шарқ давлатлари билан эса хизмат кўрсатиш ва тиббиёт тармоқларида ўнлаб янги шартномалар амалиётга татбиқ этилди. Ва энди булар қаторига Швеция Қироллиги ҳам қўшилди.
Бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Швеция Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ривожланиш ҳамкорлиги ва ташқи савдо бўйича давлат котиби Диана Янсе бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Швеция Қироллиги Ҳукумати ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги Битим имзоланди.
“Қиёсий қилиб айтса, Ўзбекистонда бу тажриба жуда катта. Европанинг кўп мамлакатлари билан бундай ҳукуматлараро битимлар имзоланди, лекин Швеция учун бу тарихида биринчи марта. Ҳали ҳеч қайси бошқа мамлакат билан Швеция миграция ҳақидаги битимни имзоламаган. Бу биринчи тажриба бўлди улар учун ҳам. Бундай битимнинг имзоланиши эвазига энди уларнинг иш берувчилари талаблари асосида Ўзбекистонда биринчи навбатда тил бўйича, ундан кейин касб бўйича мутахассисларни тайёрлашга эътибор қаратилади. Бу мақсадда Швеция ҳукумати 3-4 миллион евро миқдоридаги грант маблағларини ҳам ажратди. Малакаси юқори бўлган мутахассисларга талаб бўлади. Бу биринчи навбатда IT соҳаси. Ундан ташқари, телефония, рақамлаштириш, тиббиёт соҳаси. Тиббиёт мутахассислари, ҳамширалар йўналишларида мутахассисларга жуда талаб юқори. 20 ёшдан 49 ёшгача бўлган талабни Европа иш берувчилари биздан сўраб келмоқда. Маош 1000 доллардан кам бўладиган иш берувчи билан биз ҳеч қандай музокаралар олиб бормаяпмиз. Биз ҳар доим қўядиган масалаларимиз — биринчи навбатда бу ойлик эмас. Биринчиси, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси, яъни қаерда яшаши, бериладиган ижтимоий енгилликлар, тиббий имконият, кун давомида ишлаш вақти, йил давомида оладиган таътил даври ва ҳоказо” деди, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг раҳбари Беҳзод Мусаев.
Янги давлатлар очилаётгани яхши. Аммо у ерга юбориладиганларнинг қандай сараланиши бугун шубҳа ва бироз ишончсизлик билан қараладиган масалага айланиб қолгани ҳам сир эмас. Ҳатто “чет элда ишлаш учун юбориладиганлар рўйхатига кириш учун ҳам кимгадир қистир-қистир қилиш керак” деган айбловли гапларни эшитган бўлсангиз керак. Бунга исботларидан бири эса, шу йил май ойида эълон қилинган эди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда айнан Швеция билан тарихий битим имзолангани ҳақида гапирган Беҳзод Мусаев раҳбарлик қилувчи Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдорларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ аниқланганини назарда тутяпман. Улар Корея давлатига меҳнат муҳожири сифатида ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схема яратиб, 35 нафар фуқародан жами 263,5 минг АҚШ долларини киссасига урган. Табиийки, яна шундай бўлмайдими деган савол ҳаммани қизиқтиради.
“Биз бу масалада кескин курашяпмиз. Биринчи навбатда, ҳар бир танловни шаффоф ўтказиш, бунга ҳақиқатда тайёрланган, мотиватсияси бўлган, эртага бориб ўзи учун, ўзининг оиласи учун, қолаверса, ватани учун фойда келтирмоқчи бўлган ёшларга имконият яратилади. Ҳеч кимга қандайдир қўшимча имтиёз берилмайди, ҳаммага яратилган имкониятларни бирдай беришга ҳаракат қилиб келяпмиз ва коррупцияга қарши кескин курашяпмиз”, деди Беҳзод Мусаев.
Бугун қонуний йўл билан чет мамлакатга бориб олганидан сўнг, бошқа ишга ноқонуний ўтиб кетаётган, шартнома шартларини бажармаётган ўзбекистонликлар ҳам йўқ эмас. Табиийки, бундай муносабат икки давлат ўртасидаги келишувларга жиддий ва салбий таъсир кўрсатяпти.
Хўш, янги очилган йўналиш – Швеция Қироллиги ҳамюртларимизга қандай имкониятларни тақдим этади ва у ердаги шарт-шароитлар қандай? Скандинавиянинг ушбу етакчи давлатида қонуний ишлайдиган муҳожирларнинг ҳуқуқлари қатъий ҳимоя қилинади. Аммо бунинг ўзига яраша талаб ва мажбуриятлари ҳам бор. Лекин улардан олдин кўпчиликни қизиқтирган масалага, даромадга тўхталамиз. Швецияда расмий равишда энг кам иш ҳақи тушунчаси йўқ, барчаси касаба уюшмалари ва иш берувчи ўртасидаги жамоавий шартномалар билан тартибга солинади. Бугунги кунда мигрантлар учун энг оммабоп соҳалардаги ўртача ойлик маошлар қуйидагича кўринишга эга:
Тиббиёт ва парваришлаш соҳаси, яъни қариялар ва беморларни парвариш қилувчиларга 28 000 дан 36 000 швед кронасигача (тахминан $2 600 – $3 400) тўланади.
Техника ва ИТ соҳаси вакилларига эса, малакасига қараб 38 000 дан 55 000 швед кронасигача (тахминан $3 600 – $5 200) ҳақ берилади.
Хизмат кўрсатиш соҳаси – меҳмонхона, ресторан, логистика йўналишидаги ишчилар ойига $2 300 дан $3 000 гача топиши мумкин.
Шу ўринда муҳим факт: Швецияда солиқ тизими прогрессив характерга эга. Меҳнат мигрантлари ўз даромадларидан ўртача 22 фоиздан 32 фоизгача даромад солиғи тўлайдилар. Юқори маош эгалари учун бу кўрсаткич бундан ҳам ортиши мумкин. Бироқ, бу солиқлар шунчаки ушлаб қолинмайди, улар тўғридан-тўғри ижтимоий хизматлар сифатига йўналтирилади. Швеция меҳнат бозорининг ўзига хос қонун-қоидалари бор. У ерга ишлашга бораётган ўзбекистонликлар яхши билиши шарт бўлган жиҳатларни санаб ўтаман.
Биринчиси – Тенг ҳуқуқлилик: қонуний шартнома билан борган мигрант меҳнат ҳуқуқлари борасида Швеция фуқароси билан тенг мақомга эга бўлади. Иш берувчи унга шартномада кўрсатилганидан кам маош бериши, иш вақтини асоссиз узайтириши мутлақо мумкин эмас.
Иккинчиси – ижтимоий имкониятлар: ҳар бир қонуний ишчи мажбурий тиббий ва ижтимоий суғуртага эга бўлади. Иш жараёнида жароҳатланганда ёки касал бўлганда давлат ва суғурта компанияси барча харажатларни қоплайди.
Учинчиси – тил ва малака талаби: Швецияда тиббиёт ва техника соҳаларида ишлаш учун инглиз тилини мукаммал билиш, кўп ҳолларда эса, швед тилини маълум даражада ўзлаштириш талаб этилади. Шунингдек, диплом ва сертификатларни легаллаштириш асосий шартлардан биридир.
Тўртинчиси – шартномани бузмаслик мажбурияти: Швеция қонунчилигига кўра, ишчи визаси дастлаб маълум бир иш берувчи ва аниқ бир вакансия учун берилади. Агар мигрант шартномани ўзбошимчалик билан бузиб, бошқа ишга ўтиб кетса ёки ноқонуний қолиб кетса, у дарҳол мамлакатдан депортация қилинади ва бутун Европа Иттифоқига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун дунёнинг энг ривожланган, хавфсиз ва энг муҳими – инсон қадри юқори бўлган мамлакатларига эшиклар очиб бериляпти. Лондон далалари, Германия клиникалари, Жанубий Корея заводлари ва мана энди Швеция иқтисодиёти. Аммо бу имкониятлардан қандай фойдаланиш, давлатнинг халқаро майдондаги обрўсини асраш, ўзидан кейин ҳалол меҳнат қилиб, яхши даромад олиш илинжида келадиган ўзбекларнинг ишлай олиш имконияти энди ҳар бир муҳожирнинг ўз масъулиятига, унинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятига боғлиқ. Зеро, замонавий меҳнат миграцияси – бу шунчаки тирикчилик эмас, бу миллат салоҳиятини ва интеллектини дунёга кўрсатиш имкониятидир. Қолаверса, бир мансаб, ишониб топширилган, бугун кимларнидир четга ишлашга юбориш танловини қила олиш имконияти берилган амалдорлар ҳам фақат ўз нафсини ўйламаслиги, пул топиш учун оиласидан узоққа кетишга мажбур бўлаётганлардан пул талаб қилиб, шу тизимни ҳам коррупция ботқоғига айлантирмаслиги керак.
Live
Барчаси