БМТ вакили Афғонистонга ғамхўрлик учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди

Жамият

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Моҳир Сафарли Афғонистон халқига мунтазам ғамхўрлик кўрсатаётгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Эргашев Моҳир Сафарли билан учрашган. Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига гуманитар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишдаги ролини муҳокама қилган.

Моҳир Сафарли Термиз шаҳрида яратилган транспорт-логистика инфратузилмаси имкониятларини юқори баҳолаган ҳамда Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини билдирган.

БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси вакили ташкилот фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани, шунингдек, қўшни Афғонистон халқига мунтазам ғамхўрлик кўрсатаётгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирган.

Бугунги кунда Ўзбекистон-Афғонистон чегараси БМТнинг гуманитар институтлари юкларини етказиб бериш учун ишончли коридор бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Қурбон ҳайити арафасида ҳамда Афғонистондаги сел-сув тошқинларидан жабр кўрган аҳолига кўмак сифатида қарийб 200 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган ёрдам Балх вилоятига етказилганди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Моҳир Сафарли Исматулла Эргашев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг