Роскосмос заводида бир нечта портлаш юз берди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Кеча, 8 июнь куни Санкт-Петербургнинг Финляндия вокзали яқинидаги саноат ҳудудида ёнғин оқибатида портлаш содир бўлди. Ҳодиса Минеральная кўчаси 32-уйда жойлашган, Роскосмосга тегишли “Арсенал” заводи ҳудудида юз берган. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.

Манбаларга кўра, айнан шу корхона Россиянинг мудофаа ва космик саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Маълум қилинишича, воқеа оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, яна икки киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Ҳалок бўлганларнинг икки нафари ёниб кетган бино ичидан, қолган икки нафари эса вайроналар остидан топилган. Фавқулодда хизматлар ёнғин тўлиқ ўчирилганини ва ҳудудда қутқарув ишлари якунланганини маълум қилган.

Маълумотларга кўра, портлаш содир бўлган катта омборда кимёвий моддалар сақланган бўлиб, 400 квадрат метр майдонни қамраб олган ёнғин тўққиз соат давомида ўчирилган. Ҳодиса оқибатида кучли портлаш тўлқини бино атрофидаги инфратузилмага ҳам зарар етказган, темирйўл йўналишларида ҳаракат вақтинча тўхтатилган.

Тергов органлари ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг хавфсизлик қоидаларини бузиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган. Дастлабки тахминларга кўра, портлашга ацетон буғларининг алангаланиши сабаб бўлган.

Маълумот учун, “Арсенал” заводи Россия армияси ва космик соҳаси учун техника ҳамда ускуналар ишлаб чиқариши билан танилган. Корхона халқаро санкциялар рўйхатига киритилган бўлиб, у мудофаа саноати учун маҳсулот етказиб берувчи йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дрони Қримда Москва–Симферопол йўналишидаги йўловчи поездига ҳужум қилгани, оқибатда машинист ёрдамчиси ҳалок бўлгани ва машинист яралангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

портлаш Роскосмос заводи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг