ЕИ Ўрта ер денгизидаги бегона танкерларни тўхтатади

Олам

image

Европа Иттифоқи Ўрта ер денгизида ҳарбийларга хорижий нефть танкерларини тўхтатиш ва текширишга рухсат берди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Европа дипломатияси раҳбари Кая Калласнинг айтишича, IRINI миссияси энди кемаларга чиқиб текширув ўтказиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. У “соя флот” деб аталадиган кемалар ҳақида гапириб, ушбу чоралар айнан шу кемаларга қарши қаратилганини айтди.

IRINI – Европа Иттифоқининг 2020 йилда ишга туширилган денгиз ҳарбий миссияси бўлиб, унинг асосий вазифаси БМТнинг Ливия қурол эмбаргосини назорат қилиш, қурол ва нефть контрабандасига қарши кураш ҳамда одам савдосининг олдини олишдан иборат. Операция Ўрта ер денгизининг марказий қисмида олиб борилади.

“IRINI миссияси қоидалари ўзгартирилган ва энди у кемаларни тўхтатиш ҳамда уларни текшириш ҳуқуқига эга. Бу чора “хавф туғдираётган кемалар” билан ишлаш тартибини кучайтириш учун зарур”, дейди Кая Каллас.

Эстония Ташқи ишлар вазири Маргус Цаҳкна янги чоралар Россия энергия ресурсларини денгиз орқали ташишни тўлиқ тақиқлаш имконини ҳам беришини айтган. Москва эса санкцияларни ноқонуний деб ҳисоблайди ва агар ҳарбий куч кемаларни ушлашга жалб қилинса, жавоб чораларини кўришини билдирган. Жорий йил март ойининг охирида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи “соя флот” тушунчасидан фойдаланиб, денгиз йўлларида “қароқчилик” билан шуғулланаётганини айтган. Улар бундай тушунча халқаро денгиз ҳуқуқида мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

“Европа Иттифоқи “соя флот” атамасини ўйлаб топган ва бу денгиз йўлларида қароқчилик қилиш учун баҳона”, деган Россия Президенти ёрдамчиси ва Денгиз коллегияси раиси Николай Патрушев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Ҳарбий-денгиз кучлари Атлантика океанида, Франциянинг Бретань соҳилларидан тахминан 740 километр ғарбда Россия нефть савдоси билан боғлиқ санкция остидаги танкерини тўхтатиб, уни Франция қирғоқларига йўналтирганди. Операция халқаро сувларда амалга оширилган бўлиб, кемага махсус кучлар вертолётлар орқали туширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи танкер тўхтатиш Ўрта ер денгиз текшириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг