Конгода Эболага чалинганлар сони 450 нафардан ошди
Олам
−
07 Июнь 1497 1 дақиқа
Конгода Эбола билан касалланганлар сони 452 нафарга етди. Уларнинг 82 нафари вафот этган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб, EFE хабар берди.
Вазирликнинг маълум қилишича, 4 июнь куни Итури ва Шимолий Киву вилоятларида касалликнинг яна 71 та янги ҳолати қайд этилган. Улар орасида 21 та ўлим ҳолати ҳам мавжуд.
Ҳозирда 258 нафар бемор изоляция қилинган ёки шифохоналарда даволанмоқда. Саккиз нафар бемор тўлиқ соғайган.
Мутахассислар касаллик тарқалишининг олдини олишда контактларни кузатиш асосий муаммолардан бири бўлиб қолаётганини билдирмоқда. Назоратга олинган 4766 нафар шахснинг фақат 2755 нафари, яъни 57,8 фоизи текширувдан ўтказилган.
Конго соғлиқни сақлаш идоралари Эболага қарши курашда бир қатор жиддий тўсиқлар мавжудлигини таъкидлаган. Улар қаторига марҳумлардан таҳлил учун намуналар олишга қаршилик кўрсатилиши, даволаш имкониятларининг чеклангани, контактларни самарали кузатишдаги муаммолар, дори-дармон ва инфекцияларнинг олдини олиш воситалари етишмаслиги, огоҳлантириш тизимининг заифлиги ҳамда 21,5 миллион доллар миқдоридаги молиялаштириш танқислиги киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конгода маҳаллий аҳоли Эбола қурбонини дафн этаётган тиббий бригадага ҳужум қилиб, тобутни ташлаб кетишга мажбур қилган ва марҳумнинг жасадига тегинганди. Шунингдек, Эбола ўчоғи кузатилаётган Итури вилоятида хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар туфайли 11 нафар бемор тиббиёт муассасаларидаги изолятордан қочиб кетган.
Live
Барчаси