Мурожаатлар билан ишлашдаги камчиликлар ортидан 19 нафар амалдор ишдан олинди
3-саҳифа
−
07 Июнь 10116 2 дақиқа
Аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини бузган вазирлик, идора ва ҳокимликларда ўтказилган текширувлар натижасида 19 нафар ходим лавозимидан озод этилди, 36 нафари эса интизомий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қабулхона томонидан Президентнинг 2026 йил 1 апрелдаги 51-сонли “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида вазирлик, идора ва ҳокимликларнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ўрганилган.
Текширувлар давомида 41 та вазирлик, идора ва ҳокимлик томонидан жами 1070 та ҳолатда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилгани аниқланган. Шу муносабат билан ташкилотлар раҳбарларига камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, масъул ходимларни жавобгарликка тортиш ва бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича назорат хатлари юборилган.
Таҳлилларга кўра, мурожаатлар ижроси муддатларини энг кўп бузган ташкилотлар орасида Андижон вилояти ҳокимлиги (137 та ҳолат), Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (107 та), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (103 та), Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (79 та) ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (65 та) қайд этилган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан ички хизмат текширувлари ўтказилиб, 36 нафар ходим интизомий жазога тортилди, 19 нафар ходим эса лавозимидан бўшатилган.
Бундан ташқари, Президентнинг 51-сон фармони талаблари асосида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилишига йўл қўйган ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаган 13 та вазирлик ва идорага оид материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ электрдаги йўқотишлар сабаб 44 та туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари ишдан олинганди.
Live
Барчаси