Масофадан ишлаш руҳий саломатликни ёмонлаштиради – тадқиқот
Саломатлик
−
06 Июнь 1768 2 дақиқа
Америкалик иқтисодчилар COVID-19 пандемияси даврида ва ундан кейин масофавий ишга оммавий ўтиш охирги бир неча йил ичида АҚШда руҳий касалликлар кўпайишининг тахминан учдан бир қисмига сабаб бўлганини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот “Science” журналида эълон қилинди.
Иш муаллифлари – Гарвард, Виржиния университетлари ва Нью-Йорк Федерал захира банки олимлари пандемиянинг энг авж олган йилларини (2020 ва 2021 йиллар) атайлаб истисно қилган ҳолда 2011–2024 йилларда америкалик ишчилар ўртасида ўтказилган бешта репрезентатив сўровнома маълумотларини таҳлил қилган. Сўровномада тахминан 590 минг киши иштирок этган. Тадқиқотчилар касби масофадан туриб ишлашга имкон берадиган ходимларни (дастурчилар, маркетологлар) бунга имкони бўлмаганлар (тиббиёт ходимлари, ишлаб чиқаришдаги муҳандислар, умумий овқатланиш соҳаси ходимлари) билан солиштирган.
Пандемиядан кейин масофавий позициялардаги ходимлар “масофавий бўлмаган” касблардаги ҳамкасбларига қараганда ҳар бир иш кунини тахминан бир соат кўпроқ ёлғизликда ўтказадиган бўлган. Улар орасида бутун кунни бирорта ҳам инсон билан мулоқот қилмасдан ўтказадиганлар улуши 72 фоизга ошган. Шу билан бирга, ишдан кейинги ижтимоий ҳаёт ҳам қисқарган – кечки пайт дўстлар билан учрашувлар сезиларли даражада камайган.
Бунга параллел равишда, “масофавий ишчилар”да хавотирлик даражасини ўлчайдиган Кесслер шкаласи бўйича руҳий саломатлик кўрсаткичлари ёмонлашган. Психиатрларга мурожаатлар сони ва тайинланган антидепрессантлар миқдори ҳам ортиб борган. Муаллифлар бу вазият шунчаки иш графигининг мосланувчанлиги (иш вақтида шифокорга тез-тез бориш имконияти) билан боғлиқ деган тахминни истисно қилган, чунки худди шу гуруҳда оддий тиббий кўриклар сони ҳам, холестерин ёки қон босимига қарши тайинланган дорилар миқдори ҳам кўпаймаган.
Бундан энг кўп ёлғиз яшайдиганлар жабр кўрган. Улар учун бутун кунни ҳеч қандай мулоқотсиз ўтказиш эҳтимоли 7 фоизлик пунктга ошган – бу пандемиядан олдинги даражага нисбатан 83 фоизлик ҳолатда демакдир. Ёлғиз яшовчи масофавий ишчиларнинг хавотир даражаси оиласи билан яшайдиганларга қараганда икки баравар тезроқ ўсган. Уларда антидепрессантлар истеъмоли ҳам бутун гуруҳ бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпроққа ошган.
Муаллифлар сунъий интеллектдан қўрқиш натижаларни бузиб кўрсатмаяптими, деган омилни ҳам алоҳида текшириб кўрган, чунки масофавий ишлашга имкон берадиган кўплаб касблар айни пайтда автоматлаштириш хавфига ҳам дучор бўлмоқда. Маълум бўлишича, психологик таъсир иш жойларининг автоматлаштириш туфайли йўқолиб кетиш таҳдиди билан эмас, балки айнан иш формати билан изоҳланади. Тадқиқотчилар хулоса қилишича, ходимлар масофавий ишни танлаётганда унинг саломатликка узоқ муддатли таъсирини етарлича баҳоламайди. Йўлга вақт тежаш каби ижобий томонлар дарҳол кўзга ташланади, аммо ижтимоий изоляция аста-секинлик билан кучайиб боради.
Live
Барчаси