Миллиардларни ютиб, “мазмун қусаётган” маданият ёхуд маданият реанимацияда

Маданият-санъат

Хар қандай давлатнинг кучи нафақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки ялпи ички маҳсулот ҳажми, балки унинг маънавий иммунитети билан ҳам ўлчанади. Юртимиз Ўзбекистонда бугун бу иммунитет жуда зўр эмас. Шу сабаб Президент Шавкат Мирзиёев ҳам маданият вакиллари билан учрашувда тарбия ва мафкура масаласидаги муаммоларни очиқ айтди.

“Баъзан бизда миллий руҳ етишмагандай бўляпти. Саҳна асарлари бор, лекин кучли таъсири йўқ. Қўшиқда овоз бор, лекин халқнинг ўткир нафаси сезилмаяпти. Кинода ҳаракат бор, лекин халқнинг дарди, ғурури кўринмаяпти. Баъзи асарларда шакл бор, лекин катта ғоя йўқ. Энг хавфли нарса, айрим ёшлар ўз миллий қаҳрамонларидан кўра, бегона образларга кўпроқ эргашяпти. Бошқаларнинг ғояси билан фикрлаяпти. Миллий ўзлигимиз ва руҳиятимизни ифодалаш учун ижод ва санъатдан таъсирлироқ ва кучлироқ восита йўқ десам, ҳаммаларингиз қўшилсаларингиз керак, бу ҳақиқат. Шу боис, миллий руҳни уйғотадиган санъат керак. Халқни илҳомлантирадиган адабиёт керак. Ёшларга фахр ва ифтихор берадиган кино керак. Қалбларни жумбушга келтирадиган мусиқа зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.

“Илҳақ” фильмини кўрганмисиз? 5 та боласидан қора хат олган онанинг жасорати, бева қолган келинларнинг белига белбоғ боғлаши ёки қарғалар қўшиғини айтиб жон берган аскар саҳнаси озгина бўлса ҳам таъсир қилган-ку, тўғрими? Ёки “Мендирман Жалолиддин” ҳақидаги сериалнинг қайсидир саҳнаси сизни руҳлантиргандир? Ҳа, ўзбек киноси у қадар ўлгани йўқ. “Ибрат”, “Ўзбек қизи”, “Баҳодир Ялангтўш”, “Исломхўжа”, “Фарз”, “Муҳаббат баҳори”, “Абдулла Орипов”... Яқин йилларда олинган ва ҳозир эсимга келганлари шу. Қаранг, бармоқларим ортиқча ҳатто. Яъни улар кам. Аммо телевизорни ёққан пайтингиз, камгина бюджетга мосгина қилиб ишланган, оилавий ва жуда майда маиший мавзуларни қамраб олган, 4 тагина одам кўрсатиладиган кино… э йўғ-э, кадрлар кетма-кетлиги чиқаверади. Психологияда аниқ факт бор. Инсон бир нарсани одатий ва тўғри деб қабул қилиши учун 21 кун етарли бўлади. 1 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан ўтказган учрашувида соҳадаги юзаки ютуқлар ортига яширинган тизимли инқирозни, мафкуравий бўшлиқ ҳақида очиқ-ойдин гапирди.

“Бизга ҳар йили халқаро фестиваллар даражасида эътироф этиладиган турли мавзулардаги камида беш-ўнта сифатли фильмлар керак. Аслида томошабин кинодан воз кечгани йўқ. Унинг диди, дунёқараши, талаб ва эҳтиёжи ўзгарди. Бугун халқимиз сизлардан ҳаётий кинофильмлар, сериаллар ва оммабоп ҳужжатли асарларни кутяпти. Шу боис, “Ўзбекфильм”га миллий мақом бериб, уни маҳаллий ва халқаро киноиндустрияга хизмат кўрсатадиган марказий киноконцернга айлантирамиз. Миллий фильмларимизни халқаро бозорларга олиб чиқиш мақсадида глобал кино платформалари билан ҳамкорликни кучайтирамиз. Шу йилнинг 1 сентябридан давлат буюртмаси асосида кино яратишда тарғибот ва реклама харажати учун фильм бюджетининг 30 фоизигача маблағ ажратилади”, деди президент.

Миллий мафкура ҳақида гап кетар экан, гап фақат кинода эмас. Қўшиқ, шеър, спектакль, ҳикоя, роман – ҳамма-ҳаммаси бунда роль ўйнайди. Хўш, охирги марта қайси қўшиқ сизни ўзбек ўлароқ фахрлантирди? Қайси янги шеърдан кейин ғурурни ҳис қилдингиз? Майли, айбни ўзимиздан ҳам қидирайлик, охирги марта қачон берилиб шеър ўқидик? Жавобингизни холис, фақат ўзингизга беринг, майли. Шу сабаб “яхши ижодкор йўқ” дейишдан олдин “мен яхши кузатувчиманми?” деган саволни ҳам ўзингизга бериб кўринг.

“Халқимизнинг севимли шоири Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси мустабид тузум даврида миллий ғуруримизни қанчалик кўтарганини ҳаммамиз эслаймиз. Чин ватанпарварлик мадҳияси бўлган мана шу қасида бутун бир миллатни уйғотиб, халқимиз қандай буюк аждодларнинг давомчиси эканлигини чуқур англашга хизмат қилган. Ҳозир ҳам халқимиз кўнглидаги ватанга муҳаббат, миллатга садоқат руҳини уйғотадиган, катта-катта ислоҳотларимизни одамларга етказиб берадиган қасида, қўшиқ ва романлар, спектакль ва фильмлар яратадиган ижодкорлар кўп. Шу боис, ҳар йили бу йўналишда ҳам танловлар ўтказиб борамиз. Гран-при соҳибларининг ижодини янада қўллаб-кувватлаш учун грантлар бериб, қарор қабул қиламиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президент ижод аҳли учун бир қатор имтиёзларни эълон қилди. Йил давомида ўзини кўрсатган, фаол бўлганларга ойига 5 млн сўм қалам ҳақи, 1 сентябрдан республика танлови ғолибларига 100 миллион сўм, нуфузли халқаро танлов совриндорларига 300 миллион сўмгача мукофот, ҳар йили 100 нафар ёшни давлат ҳисобидан хорижий маданият ва санъат муассасаларига ўқишга юбориш, маошлар оширилиши, устозларга устамалар, ашула-рақс ансамбллари ходимларининг маошини 2 баробар ошириш ва ҳоказолар бўлади.

Аслида аввалги йилларда ҳам маданият соҳаси вакилларига қатор имтиёзлар берилган. 2020 йилда маданият соҳасини ривожлантириш учун давлат бюджетидан тахминан 700-800 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу йили асосий эътибор глобал пандемия шароитида маданият ва санъат ходимларини моддий жиҳатдан қўллаб-кувватлашга, шунингдек, фаолияти тўхтаб қолган театр ва музейларнинг жорий харажатларини давлат ёрдами асосида қоплашга қаратилди.

2021 йилда ажратилган маблағлар миқдори сезиларли даражада ошиб, 1,1 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу маблағлар ҳисобидан республика бўйлаб “Маданият карвони” тадбирлари йўлга қўйилди, ҳудудлардаги кўплаб маданият марказлари замонавий ускуналар билан жиҳозланди ҳамда Нукус шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали юқори савияда ташкил этилди.

2022 йилда соҳа бюджети 1,4 триллион сўмга етказилди. Шу йили Маданият ва Туризм вазирликлари вақтинча бирлаштирилгани сабабли, маблағлар асосан йирик маданий инфратузилма лойиҳаларига, ўзбек маданиятини халқаро майдонда тарғиб қилишга ҳамда Сурхондарёда анъанавий “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини қайта тиклаш ва ўтказишга йўналтирилди.

2023 йилда давлат томонидан маданият тизимига 1,6 триллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу молиявий ресурслар Сирдарё вилоятида (Гулистонда) навбатдаги Бахшичилик фестивалини ўтказиш, миллий мақом санъатини ҳамда опера ижрочилигини ривожлантириш бўйича қабул қилинган махсус давлат дастурларини молиялаштиришга сарфланди.

2024 йилда соҳа харажатлари янада ўсиб, 1,9 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу маблағларнинг катта қисми маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини тубдан янгилашга йўналтирилди. Масалан, йилнинг фақат биринчи ярим йиллигида тизимдаги жорий харажатлар ва лойиҳалар учун 435 миллиард сўмдан ортиқ маблағ бевосита ўзлаштирилди.

Ўтган 2025 йилда маданият соҳаси учун ажратилган бюджет рекорд даражага – 2,3 триллион сўмга етди. Бу маблағлар доирасида Хива шаҳрида IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ниҳоятда кенг кўламда ташкил этилди, республика театрлари ва кино саноатини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар бошланди.

Сўнгги 10 йилликда 10 га яқин қарор, фармонлар имзоланган бўлса-да, маданият, санъат марказларининг моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича қатор молиявий ресурслар, манбалар йўналтирилганига, маданият соҳаси ходимларининг маошлари оширилганига, тизимга эътибор кучайганига қарамай, бу соҳада ривожланиш у қадар кузатилаётгани йўқ. Ҳа, тан олиш керак, ора-орада айрим ёш ижодкорлар чет эл танловларида ғалаба қозоняпти. Бундан албатта биз ҳам қувонамиз, фахрланамиз. Лекин қачонгача шулар билангина овунамиз! “Ҳаммаси яхши” деб ўз фаолиятига танқидий назар ташламаслик ҳақиқатда ютуқ олиб келиши мумкинми? Берилган ва берилаётган имкониятлар ҳамда натижалар солиштирилганида баланс мосми? Ўзини оқлаяптими деган саволга аниқ ишонч билан “ҳа” деб жавоб бериш мумкинми?

Ҳозир нейтрал қарай оладиган, мустақил фикрлай оладиган кимнинг оғзига микрофон тутманг, маданият соҳасидаги муаммолар, маданиятчиларнинг ўзининг маданиятсизлиги ҳақида эътирозларини билдира бошлаяпти. Маданият вазирлигига бу борада эътибор қаратадиган бўлсак, охирги йилларда музейлар фаолияти, туризм, маданий мерос йўналишлари маданият вазирлиги таркибидан чиқариб ташланганининг ўзи вазирликда қанчалик йўқотишлар борлигини англатади. Озодбек Назарбеков Qalampir.uz’га бир неча йиллар олдин берган интервьюсида ҳам “Маданият вазирлигининг вазифаси одамларнинг оддий ҳаётига маданиятни олиб кириш” деб айтган эди. Ҳолбуки, бугун маданият айрим маданият ходимларининг ўзидан қочди. Уларни номма-ном айтиб ёки ҳамма ерда савиясизлик ва шармандаликни кўрсатаётган ҳаракатларига тўхталиб ўтишни ўзимизга лойиқ ҳам кўрмаймиз.

Маданият соҳаси вакиллари давлат раҳбари билан учрашиши олдидан вазирлик даражасида учрашувлар ташкил қилиниб, таклифлар тингланган эди. Бундан мақсад Президентга соҳани ривожлантириш масаласида жўяли фикрларни жамлаш эди. Учрашувда бир қатор юлдузлар сўз ҳам олишди. Аммо ҳақиқатда зўр деб айтиш мумкин бўлган таклифни кимдир бера олдими, деган саволга жавоб топиш бироз мушкулдек.

Маданият ходимлари орасида ўз соҳасини иқтисодий, ижтимоий ва халқаро тенденциялар билан боғлай оладиган стратеглар етишмаслиги кўриниб қолди. Масалан, театр ёки кино соҳасини қандай қилиб давлат қарамоғидан чиқариб, ўзини-ўзи боқадиган (таъминлайдиган) ва экспортбоп соҳага айлантириш бўйича креатив менежерлик таклифлари берилмади. Улар ҳамон соҳани фақат “давлат пул бериши шарт бўлган субъект” сифатида кўришмоқда. Бугунги дунёда маданият креатив иқтисодиётга айланиб бўлган. Рақамли платформалар: Netflix, Spotify, YouTube, сунъий интеллектнинг санъатдаги ўрни, миллий контентни глобал бозорга олиб чиқиш механизмлари ҳақида профессионал таклиф киритадиган бирорта замондош ижодкор кўзга ташланмади. Таклифлар ҳамон “театр биносини таъмирлаш” ёки “концерт дастурларини кўпайтириш”, “фонограмма ва жонли ижро” каби анъанавий форматдан нари ўтмади. Президент уларга “Менга таклиф беринг, эркин гапиринг”, деб имконият берганида ҳам, улар тизимни тубдан ислоҳ қиладиган дадил ғояларни ўртага ташлашга ботина олмади. Бу – ижодий элитанинг интеллектуал жиҳатдан бироз “толиққанини” кўрсатади.

“Бир нарсани билинглар. Дори-дармон инсон танасини даволаса, сизларнинг ижодингиз одамларнинг қалбига малҳам, миллат маънавияти учун озуқадир. Давлатни иқтисод кўтаради, қонун бошқаради, армия ҳимоя қилади. Лекин қайси мамлакат адабиёт ва маданиятга эътибор берса, келажаги албатта мустаҳкам бўлади. Қайси жамият ижод ва санъатни қадрласа, ўша халқнинг маънавий иммунитети албатта кучли бўлади. Бугун дунёда энг катта кураш инсон онги ва қалбини эгаллаш учун кетяпти. Мана шу курашда китоб бу – қурол, театр бу – тарбия, кино бу – ғоя, мусиқа бу – одамларнинг руҳини кўтариш. Адабиёт миллат хотираси, саҳна эса халқнинг ойнасидир. Битта яхши асар, таъсирчан қўшиқ миллатнинг руҳини кўтаради. Биргина спектакль жамият тафаккурини уйғотади. Кинодаги бир образ бутун авлоднинг қарашини ўзгартиришга қодир”, деди президент.

Хўш, давлат раҳбари нима учун айнан бугун ижодкорлар олдига бундай кескин ва стратегик талабларни қўймоқда? Сабаби, ялтироқ саҳналар ва дабдабали ҳисоботлар ортида миллатнинг энг катта бойлиги – ғоявий мустақиллик ва ёшлар тарбияси бой берилаётган бўлиши мумкин. Президент маданият соҳасидаги энг оғриқли нуқтани, яъни асарлардаги сохталик ва мазмунсизлик фожиасини очиқ айтди ҳамда зиёлиларга қараб, миллат уйғониши учун аслида қандай санъат кераклигини эслатди.

Хуллас, энди маданият ва адабиёт соҳаси вакилларига миллиардлаб пуллар ажратилади. Улар бунга лойиқми? Мантиқан – ҳа! Чунки улар маънавият улашади. Аммо давлат бюджети, яъни солиқ тўловчиларнинг маблағи ҳисобидан берилаётган бу миллиардлар эвазига жамият ҳақиқатда керакли нарсаларни олиши керак. Яна ўша ижтимоий тармоқлардаги бачканаликлар, савиясиз клиплар, ниманидир илинжида, лаганбардорлик услубида қалам тебратишлар, тўй хизматларидаги дабдабабозликлар керакмас бизга. Президент Шавкат Мирзиёев маданият вакилларига энг олдинги сафда туриш масъулиятини юклади. Зотан, дунёда инсон онги ва қалби учун кураш кетаётган бир пайтда, асоси тақлид бўлган санъат эмас, миллатга садоқат билан суғорилган маданият ғалаба қозонади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фильм маданият кино санъат театр фестивал дабдаба мафкуравий бўшлиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг