Пеленинг формаси кимошди савдосига қўйилди

Спорт

image

Уч карра жаҳон чемпиони бўлган ягона футболчи Пеленинг формаси кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда “The Associated Press” хабар берди. 

Аукцион жорий йилнинг 29 июнидан 16 июлига қадар давом этади. Лотнинг бошланғич қиймати 6 миллион долларга баҳоланмоқда.

Футбол формаси бўйича рекорд нарх 2022 йилда ўрнатилган эди. Ўшанда аргентиналик афсона Диего Марадонанинг 1986 йилги жаҳон чемпионатида Англияга қарши баҳсда машҳур “Худонинг қўли” голини урган пайтда кийган формаси 9,3 миллион долларга сотилган.

Кимошди савдосига қўйилган мазкур формани Пеле 17 ёшидаги илк жаҳон чемпионатида кийган. 1958 йилги мундиалда Бразилия терма жамоаси чемпионликни қўлга киритган бўлиб, Пеле финалда мезбон Швецияга қарши учрашувда айнан шу формада майдонга тушган ва икки марта гол урган. Шу тариқа у жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг ёш гол муаллифига айланган. Ушбу рекорд ҳозиргача сақланиб қолмоқда.

Лотлар орасида Пелега тегишли бошқа ноёб буюмлар ҳам бор. Жумладан, унинг 1958 йилдаги коллекция карточкаси 150–200 минг долларга баҳоланган.

Шунингдек, Диего Марадонанинг 1986 йилдаги жаҳон чемпионатида таққан сардорлик боғичи 100 минг долларга, Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Мессининг 7 та формаси эса, кимошдига қўйилган. Улар орасида Месси 2016–2017 йилги Чемпионлар лигаси нимчорак финалида “Барселона”нинг ПСЖ устидан 6:1 ҳисобидаги машҳур ғалабасида кийган формаси ҳам мавжуд бўлиб, у 200–400 минг долларга баҳоланмоқда.

Маълумот учун, Пеле футбол тарихида уч марта Жаҳон чемпионати ғолиби бўлган ягона футболчи ҳисобланади. У Бразилия терма жамоаси билан 1958, 1962 ва 1970 йилларда чемпионликни қўлга киритган. Футбол қироли Пеле 2022 йил 29 декабрь куни 82 ёшида вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Пеле Диего Марадона Аукцион

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг