АҚШ ва Эрон бир-бирига зарба йўллади

Олам

image

АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик яна кучайди. Томонлар бир-бирининг ҳарбий объектларига зарбалар берганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотига кўра, Америка ҳарбийлари Эрон ҳудудидаги радар тизимлари ва дронларни бошқариш объектларига зарба берган. Вашингтон бу ҳужумларни “ўзини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган чоралар” деб атаган.

АҚШ томонининг маълум қилишича, Эрон томонидан халқаро ҳаво ҳудудида учаётган Америка дрони уриб туширилган. Шундан сўнг АҚШ ҳарбийлари Горук ҳудуди ва Қешм оролида жойлашган бир қатор ҳарбий объектларга зарба берган.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг таъкидлашича, зарбалар давомида Эроннинг ҳаво мудофаа тизимлари, дронларни бошқариш маркази ҳамда минтақа¬даги кемалар ҳаракатига таҳдид солаётган дронлар йўқ қилинган. Америка томони операциялар давомида ҳарбий хизматчилар орасида талофот бўлмаганини маълум қилган.

Теҳрон эса АҚШ ҳужумларига жавоб қайтарганини билдирган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШ томонидан Эроннинг жанубий ҳудудларига уюштирилган ҳужумларда фойдаланилган ҳарбий базалардан бирига зарба берилганини маълум қилган.

Эрон ҳарбийлари баёнотида АҚШнинг ҳар қандай янги ҳужумига янада қатъий жавоб қайтарилиши таъкидланган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакиллари Вашингтон томонидан “тажовузкор ҳаракатлар” такрорланса, Эроннинг жавоби аввалгилардан мутлақо фарқ қилишини билдириб ўтди.

Қувайт Мудофаа вазирлиги бугун, 1 июнь куни эрталаб мамлакат ҳаво ҳудуди яқинида кузатилган ракета ва дрон таҳдидларига қарши ҳаво мудофаа тизимлари ишга туширилганини маълум қилган. Таҳдид манбаси ҳақида эса ҳозирча расмий маълумот берилмаган.

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Президент Дональд Трамп сулҳ бўйича келишув лойиҳасига қўшимча ўзгартиришлар киритишни талаб қилган. Хусусан, таклифларда Ҳормуз бўғозидаги кемалар ҳаракатини тиклаш ҳамда Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захиралари билан боғлиқ масалалар мавжуд.

Эроннинг бош музокарачиси эса мамлакат манфаатлари тўлиқ таъминланмагунча Теҳрон ҳеч қандай битимни қабул қилмаслигини маълум қилди.

Мутахассисларнинг фикрича, вазиятнинг энг хавфли жиҳати Ҳормуз бўғози билан боғлиқ. Дунё бўйлаб экспорт қилинадиган нефть ва суюлтирилган табиий газнинг қарийб бешдан бир қисми айнан шу денгиз йўлаги орқали ташилади. Шу сабабли минтақадаги ҳар қандай ҳарбий тўқнашув халқаро энергия бозорларига ва ёқилғи нархларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Исроил зарбаларидан сўнг Эрон ерости ракета базаларига олиб кирувчи 69 та туннель кириш жойидан 50 тасини булдозер ва юк машиналари ёрдамида қайта очган. Мутахассислар фикрича, бу ҳолат Эроннинг ҳарбий салоҳиятини тўлиқ йўқ қилиш қийинлигини ва ерости инфратузилмаларга қаратилган зарбалар чекланган натижа бераётганини кўрсатмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон зарба ҳарбий объект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг