Марҳум актёрлар Ғани Аъзамов ва Ҳамза Умаров ҳам мукофотланди
Маданият-санъат
−
28 Май 12703 2 дақиқа
Ўзбекистон халқ артистлари, марҳум актёрлар Ғани Аъзамов ва Ҳамза Умаров “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда бугун, 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Маълумот учун, машҳур ўзбек кино ва театр актёри, Ўзбекистон халқ артисти Ғани Аъзамов 1909 йил 7 январь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Ғани Аъзамов актёр бўлишидан аввал трамвай ҳайдовчиси бўлиб ишлаган ва ҳеч қачон Олий ўқув юртида ўқимаган. Марҳум актёр “Алишер Навоий” спектаклида Иззат Султонов, Уйғун драмасидаги Мунажжима, С.Азимовнинг “Ҳақиқий севги” пьесасида Арслоншер, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сўнгги намуна” пьесасида Юсуф, Николай Гоголнинг “Ревизор”ида Бобчинский, Уильям Шекспирнинг “Икки верониялик” комедиясида Лаунс каби сиймоларни гавдалантирган. Шу билан бирга, Ғани Аъзамов яратган Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асаридаги Қамар, Сарвар Азимовнинг “Қонли сароб” асаридаги Омонёр, Эркин Воҳидвнинг “Олтин девор” комедиясидаги Мўмин сиймоларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Ҳамза Умаров – актёр, режиссёр, дублаж устаси ва Ўзбекистон халқ артисти (1967). Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида ўқиган. 1950-86 йиллар Муқимий театрида, 1987 йил январь–августда Ҳамза театрида, сўнгра “Ўзбекфилм” киностудиясида ишлаган. Ҳамза Умаров Исфандиёрхон (“Ғазал фожиаси”), Маъдалихон (“Нодира”), Сайд (“Гули сиёҳ”), Масхарабоз (“Ўн иккинчи кеча”), Асқарали (“Мавлоно Муқимий) каби образларини гавдалантирган. Марҳум санъаткор дубляж санъатининг моҳир устаси сифатида танилиб, 1000 дан ортиқ фильмда овоз берган ва Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати ҳисобланади.
Live
Барчаси