Яқиндагина озодликка чиққан Саркози яна қамалиши мумкин

Олам

image

Франция прокуратураси собиқ президент Николя Саркозини етти йилга қамашни талаб қилди. Бу ҳақда BFM хабар берди.

Айбловчилар, шунингдек, унга 300 минг евро жарима ва беш йил давлат лавозимларида ишлаш тақиқини қўллашни сўраган. Саркози 2007 йилги президентлик сайлови кампанияси учун Ливия ҳукумати томонидан молиялаштирилганликда айбланмоқда. У эса бу айбловларни рад этмоқда.

Маълумотларга кўра, агар 30 ноябрь куни апелляция суди айблов ҳукмини чиқарса, Саркози қарор устидан кассация судига шикоят қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Судда Саркозининг яқин ҳамкорлари – собиқ маъмурият раҳбари Клод Геан учун олти йил, собиқ маслаҳатчиси Брис Ортефё учун тўрт йил қамоқ жазоси сўралган.

Тергов версиясига кўра, Ливия Саркози атрофидагиларига 50 миллион еврогача маблағ берган. Бу эса Франциядаги сайлов кампаниялари учун рухсат этилган лимитдан анча юқори ҳисобланади. Айбловчилар фикрича, бу маблағлар эвазига Саркози ўша пайтда Ливияни бошқарган Муаммар Каддафийнинг халқаро имижини яхшилаш ва мамлакатни дипломатик яккаликдан чиқаришга ёрдам беришни ваъда қилган.

2025 йил октябрь ойида Саркози қамоққа олинган ва у замонавий Франция тарихида қамоқ жазосини ўтаган биринчи собиқ президентга айланган эди. Кейинроқ апелляция суди уни гаров эвазига озод қилган.

Саркозига қарши бошқа ишлар ҳам қўзғатилган. 2021 йилда суд уни 2012 йилги сайлов кампанияси харажатларини яширишда айбдор деб топган. Шунингдек, у судьяни пора билан оғдиришга уринганлик учун ҳам ҳукм қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Николя Саркози сайлов кампаниясидаги ноқонуний харажатлар бўйича иш доирасида муддатидан олдин шартли равишда озод қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Николя Саркози

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг