АҚШ суди Трампга 10 фоизлик глобал божни ундиришга рухсат берди
Олам
−
13 Май 1028 2 дақиқа
АҚШда мамлакат Президенти Дональд Трампнинг савдо сиёсати атрофидаги баҳсларнинг янги босқичи авж олмоқда. Кеча, 12 май куни Вашингтондаги Апелляция суди Президент маъмуриятига, аввалроқ қуйи суд томонидан ноқонуний деб топилган 10 фоизлик импорт божларини ундиришни давом эттиришга вақтинча рухсат берди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Гап Трамп томонидан шу йилнинг февраль ойида жорий этилган тарифлар ҳақида кетмоқда. Бунгача Нью-Йоркдаги Халқаро савдо масалалари бўйича Федерал суд маъмуриятда ушбу божларни жорий этиш учун етарли қонуний асослар йўқ деган қарор чиқарган эди.
Шундан сўнг Оқ уй апелляция берди. Апелляция суди маъмуриятнинг илтимосини қаноатлантирди ва иш кўриб чиқилгунга қадар божларга қўйилган тақиқни вақтинча тўхтатиб турди.
Эндиликда тарифлар камида суднинг кейинги қароригача амалда бўлади. Шу билан бирга, даъвогарларда ўз эътирозларини билдириш учун етти кун вақт бор.
Маъмуриятга қарши даъвони иккита компания ва Вашингтон штати ҳукумати киритган. Улар Трамп 1974 йилдаги “Савдо тўғрисида”ги қонундан фойдаланиб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилган деб ҳисобламоқда.
АҚШ Президенти божларни жорий этишда айнан шу ҳужжатга таянган эди. Қонун давлат раҳбарига “тўлов балансининг сезиларли ва жиддий тақчиллиги” юзага келган тақдирда, 150 кун муддатгача 15 фоизгача бўлган тарифларни вақтинча белгилаш имконини беради.
Бироқ даъвогарлар савдо тақчиллигини автоматик равишда тўлов баланси инқирози деб ҳисоблаб бўлмаслигини таъкидламоқда. Бу позицияни аввалроқ Халқаро савдо масалалари бўйича Федерал суд ҳам қўллаб-қувватлаган.
Эндиликда божларнинг қонунийлиги масаласи апелляция инстанциясида кўриб чиқилади. Жараён давом этар экан, Трамп маъмурияти баҳсли тарифларни ундириш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган енгил ва юк автомобилларига бож ставкасини 25 фоизгача оширишга қарор қилган эди.
Live
Барчаси