Дуа Липа Samsung компаниясини судга берди
Олам
−
11 Май 4904 2 дақиқа
Британиялик хонанда Дуа Липа Samsung’ни унинг суратидан телевизорларини реклама қилишда фойдаланганликда, бироқ бунинг учун ҳақ тўламагани ва рухсат ҳам сўрамаганликда айблади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Шу йилнинг 8 май куни Калифорниядаги АҚШ федерал судига топширилган даъво аризасига кўра, Samsung компанияси 2025 йил давомида АҚШда сотилган телевизорларининг аксарият қисмининг қутисида Дуа Липа тасвирланган телевизор экрани расмини чоп этган. 30 ёшли хонанда бу ҳолатдан 2025 йил июнь ойида хабар топганини ва дарҳол компаниядан тасвирни олиб ташлашни талаб қилганини айтган. Бироқ у Samsung’ни бунга бефарқ муносабатда бўлганликда ҳамда унинг талабларини қайта-қайта рад этганликда айбламоқда.
“Дуа Липанинг юзи унинг розилигисиз ва ҳеч қандай тўловсиз оммавий маркетинг кампаниясида ишлатилди. Бу жараёнда унинг ҳеч қандай назорати ёки иштироки бўлмаган. Дуа Липа бундай фойдаланишга ҳеч қачон рухсат бермаган ва бермаган бўлар эди ҳам”, дейилади даъво аризасида.
Суд ҳужжатларига кўра, сурат 2024 йилда Austin City Limits мусиқа фестивалидаги чиқишидан олдин, саҳна ортида олинган. Хонанда мазкур фотосуратнинг муаллифлик ҳуқуқи ўзига тегишли эканини айтган. Дуа Липа Samsung’га қарши муаллифлик ҳуқуқини бузиш, Калифорниянинг шахсий имиждан фойдаланиш қонунини бузиш, федерал Лэнхем (Lanham Act) қонуни ва товар белгисига оид қонунларни бузиш бўйича даъво киритган.
Даъвода айтилишича, Samsung хонанданинг маҳсулотни қўллаб-қувватлаётгандек таассурот уйғотиб, молиявий фойда кўрган. Ҳужжатда ижтимоий тармоқлардаги айрим мухлислар фикрлари ҳам келтирилган. Улар телевизорни фақат хонанда туфайли сотиб олишганини айтган.
Даъво аризасида Дуа Липа реклама ҳамкорликларини жуда синчковлик билан танлаши таъкидланган. У аввал Apple, Porsche, Versace, Bulgari ва Nespresso каби брендлар билан ҳамкорлик қилган.
Хонанда Samsung’дан мазкур тасвирдан фойдаланишни доимий тақиқлашни, камида 15 миллион доллар товон пули, қўшимча жарима ва суд харажатларини талаб қилмоқда. Ҳозирча Samsung бу масала юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореянинг энг йирик корпоратив гуруҳи Samsung ортида турган Ли оиласи мамлакат тарихидаги энг катта мерос солиғи – 8 миллиард доллар тўлагани ҳақида хабар берилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси