Meta’га қарши миллионлик даъво: компания шов-шовли суд қароридан шикоят қилди
Олам
−
07 Май 1287 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқлар ёшлар руҳий саломатлигига зарар етказадими? АҚШда айнан шу масала юзасидан йирик суд жараёнлари давом этмоқда. Лос-Анжелес суди судьлар ҳайъати яқинда Meta ва Google платформаларни фойдаланувчиларни ўзига қарам қилиб қўядиган тарзда ишлаб чиққан бўлиши мумкин, деган хулосага келганди. Энди эса Meta ушбу ҳукмни бекор қилишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Retuers” хабар берди.
Жорий йилнинг 4 май куни судга топширилиб, 6 май куни оммага эълон қилинган аризада Meta ишни кўриб чиққан судьядан ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилишни, компания фойдасига ҳукм чиқаришни ёки янги суд жараёни тайинлашни сўраган. Компания аризасида ўзини АҚШдаги “230-бўлим” қонуни ҳимоя қилишини қайд этган. Ушбу қонун одатда онлайн платформаларни фойдаланувчилар жойлаган контент учун жавобгарликдан озод қилади. Meta’га кўра, судда тақдим этилган далиллар аёлнинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолари платформадаги автоматик ижро, чексиз скролл каби функциялар эмас, балки у кўрган контент билан боғлиқ эканини кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида судьялар ҳайъати Meta ва Google платформаларни яратишда эҳтиётсизлик қилгани ҳамда фойдаланувчиларни эҳтимолий хавфлар ҳақида етарлича огоҳлантирмаган, деган қарорга келган эди. Суд қарорига кўра, Meta 4,2 миллион доллар, Google эса 1,8 миллион доллар миқдорида товон пули тўлаши керак. Google ҳам ушбу қарор устидан апелляция беришни режалаштираётганини маълум қилди. Иш бўйича жавобгар сифатида жалб қилинган Snap ва TikTok эса суд бошланишидан олдин даъвогар билан келишувга эришган.
Даъвогар Калей GM адвокатлари эса ҳозирча масала юзасидан изоҳ бермаган. Meta, YouTube ва бошқа ижтимоий тармоқлар компаниялари АҚШ бўйлаб шунга ўхшаш минглаб суд даъволарига дуч келмоқда. Даъволарда компаниялар платформаларни фойдаланувчиларни ўзига қарам қилиб қўядиган тарзда ишлаб чиққани ва бу ўсмирлар ҳамда ёшлар орасида руҳий саломатлик муаммоларини кучайтиргани айтилмоқда. Қуйи инстанция судлари ҳозиргача компанияларнинг “230-бўлим” асосида даъволарни бекор қилиш бўйича уринишларини асосан рад этган. Бироқ экспертларга кўра, ушбу қонуннинг қандай талқин қилиниши келажакда интернет компаниялари фаолиятига катта таъсир кўрсатиши мумкин.
2023 йилда ҳам АҚШнинг 40 дан ортиқ штати Meta’га қарши суд даъвоси киритиб, компанияни Facebook ва Instagram орқали ёшлар руҳий саломатлигига зарар етказишда айблаган.
Зарнигор Худойбердиева
Live
Барчаси