Пашинян Путиннинг Ғалаба парадига боришдан бош тортди
Олам
−
07 Май 3315 2 дақиқа
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян жорий йилнинг 9 май куни Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадига бормайди. Бу ҳақда “News.am” хабар берди.
“Мен бу ҳақда апрель ойида Россияга қилган ташрифим чоғида ушбу мамлакат Президентига хабар бергандим”, дейди у журналистларга.
Пашинян ушбу қарорининг сабаби сифатида Арманистон Миллий Мажлисига 7 июнга белгиланган сайловлар олдидан сайловолди кампаниясида иштирок этиш заруритини кўрсатган.
Маълумот учун, АҚШ ва Европа Иттифоқи билан яқинлашиш йўлини танлаган ва республиканинг Кремль назоратидаги КХШТдан келажакда чиқишини эълон қилган Арманистон Бош вазири бунгача ҳам Қизил майдондаги парадни ўтказиб юборган эди. 2024 йилда у буни Арманистон раҳбари ҳар йили 9 май куни Москвага бориши шарт эмаслиги билан изоҳлаган. 2023 ва 2025 йилларда эса Пашинян парад меҳмонлари қаторида бўлган ва “Номаълум аскар” қабрига гул қўйган.
РИА Новостининг ёзишича, жорий йилда Украина дронлари ҳужуми хавфи туфайли 2007 йилдан бери илк бор ҳарбий техникаларсиз ўтказиладиган Москвадаги парадда бир нечта хорижий етакчилар иштирок этиши кутилмоқда. Бироқ Кремль ҳозирча боришга рози бўлган меҳмонларнинг тўлиқ рўйхатини очиқламаган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков бу рўйхат “байрамга яқин” эълон қилинишини таъкидлаган.
Беларусь резиденти Александр Лукашенко ва Малайзия раҳбари Султон Иброҳимдан ташқари, Москвага Словакия Бош вазири Роберт Фицо ҳам учиб бориши керак. Шунга қарамай, сиёсатчи Ғалаба парадида иштирок этиш ниятида эмаслигини қайд этган. Словакия етакчисининг сўзларига кўра, у “Номаълум аскар” қабрига гул қўйиш ва Путин билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.
Ўтган йили Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Москвага борганлар орасида Хитой етакчиси Си Цзиньпин, шунингдек, Фицо ва Сербия Президенти Александр Вучич бор эди. Ўшанда жами 27 та давлат (жумладан, тан олинмаган ва қисман тан олинган ҳудудлар) раҳбарлари Россияга бориши тасдиқлаган эди. Охирги лаҳзада Озарбайжон ва Лаос раҳбарлари Илҳом Алиев ва Тхонглун Сисулит иштирок этишдан воз кечганди.