Ўзбекистонда иқтисодиёт ҳажми 240 млрд доллардан оширилади – Президент
Жамият
−
04 Май 2252 2 дақиқа
2030 йилга қадар Ўзбекистонда барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш орқали иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан оширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 4 май куни Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиғилишининг очилиш маросимидаги нутқида сўз очди.
Келтирилишича, глобал беқарорлик шароитида ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи чорак якуни бўйича 8,7 фоизли ўсишга эришган.
“Энг муҳими, ислоҳотларимизда ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётини яхшилашга асосий эътиборни қаратдик. Биз ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли даромадини ошириб, камбағаллик даражасини қарийб 35 фоиздан бугунги кунда 5,8 фоизга туширишга эришдик”, деган давлат раҳбари.
Ўзбекистон охирги 10 йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган 5 та давлатдан бири бўлган.
“Биз 2030 йилга қадар Ўзбекистонда барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш орқали иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш ниятидамиз. Натижада даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киришни ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам беришни мақсад қилганмиз”, дейди Президент.

Шунингдек, давлат раҳбари яқин кунларда 13 та стратегик йирик корхона активларини ўз ичига олган “Миллий инвестиция жамғармаси”нинг 30 фоиз улушини халқаро фонд бозорига чиқарилишини маълум қилган.
“Аминманки, бундай муҳим қадам ҳамкорларимизнинг юртимиз инвестиция муҳитига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Live
Барчаси