Исроил Ғазога ёрдам олиб кетаётган 170 дан ортиқ фаолни қўлга олди (видео)
Олам
−
30 Апрель 2333 2 дақиқа
Исроил армияси Ғазога гуманитар ёрдам етказишни мақсад қилган “Global Sumud” флотилиясига ҳужум уюштириб, 170 нафардан ортиқ фаолни қўлга олди. Бу ҳақда TRT хабар қилди.
Қайд этилишича, қўлга олинганлар орасида 20 нафар Туркия фуқаролари ҳам бор. Маълумотларга кўра, ҳодиса Крит ороли яқинидаги халқаро сувларда содир бўлган. Флот таркибида 39 давлатдан жами 345 нафар иштирокчи бўлган.
Ҳужум давомида 21 та кема ушлаб қолинган, айрим кемалар эса Греция ҳудудий сувларига киришга муваффақ бўлган.
Мазкур флот жорий йилнинг 12 апрель куни Испаниянинг Барселона шаҳридан йўлга чиққан бўлиб, унинг асосий мақсади Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказишдан иборат эди. Ҳозирча қўлга олинган фаолларнинг ҳолати ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Маълумот ўрнида, кеча, 29 апрель куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига йўл олган ва Исроил блокадасини ёриб ўтиб, гуманитар ёрдам етказишни мақсад қилган “Global Sumud” флотилияси бўйича хавфсизлик йиғилишини ўтказган. Унда Нетаньяху юқори даражадаги хавфсизлик расмийлари билан учрашгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун йўлга чиққан ёрдам флотилиясини тўхтатганди. Шундан сўнг, Исроил Ғазога ёрдам олиб кетаётган тахминан 40 та кемадан иборат флотилияни тўхтатиб, 450 дан ортиқ хорижлик фаолни, жумладан швед иқлим ҳимоячиси Грета Тунбергни ҳам қўлга олганидан сўнг халқаро танқид ва норозиликларга дуч келган.
Live
Барчаси