Ўқитувчилар мажбурий тадбирлардан озод қилинади. Қозоғистонда!
Олам
−
29 Апрель 1778 2 дақиқа
Қозоғистонда Мажилис депутати Асхат Аймағамбетов ўқитувчиларнинг турли сиёсий тадбирларда иштирок этиши масаласига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ўқитувчиларни бундай фаолиятларга мажбурий жалб қилиш ноқонуний ҳисобланади, айниқса улар дарсдан олиб чиқилса. Бу ҳақда у бугун, 29 апрель куни Мажилис кулуарларида журналистлар билан суҳбатда гапирди.
“Ҳозирда ўқитувчи йиғилиш ёки бошқа тадбирларда иштирок этишни ўзи ҳал қилади. Агар уни мажбурий равишда бирор йиғилишга юборишса, дарсдан олиб чиқишса ва натижада машғулотлар ўтказилмаса, бу учун жарима белгиланган. Аниқ жавобгарлик мавжуд. Уни дарсдан олиб чиқиб, кераксиз йиғилишга юборган кимлигидан қатъи назар – агар у юридик шахс бўлса, жарима шу ташкилотга қўлланади, агар у жисмоний шахс бўлса, жавобгарлик ўша инсон зиммасига тушади”, деган Аймағамбетов.
Депутатнинг айтишича, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ўқитувчилар фаол бўлиши ва тегишли органларга мурожаат қилиши керак.
“Бу ерда масала ўқитувчиларнинг ўз фаоллигига боғлиқ. Кимнидир жавобгарликка тортиш учун камида битта шикоят бўлиши шарт. Агар фуқаро ўзи шикоят қилмаса, вазирлик, департаментлар, полиция ёки прокуратура қандай қилиб айбдорларни жавобгарликка тортади? Шунинг учун, агар ўқитувчилар ҳуқуқлари бузилса, қонунчилик органи уларга аниқ ҳимоя воситасини берган”, деб таъкидлаган у.
Маълумот учун, бугун, 29 апрель куни Мажилис депутатлари педагог мақоми ва таълимга оид қонунларга киритилаётган ўзгартишларни биринчи ўқишда қабул қилган. Ҳужжат ўқитувчилар ҳуқуқларини янада кучайтиришни назарда тутган бўлиб, жумладан, педагогларни нодавлат ташкилотлар тадбирларига жалб қилмаслик меъёрини кенгайтиришни ўз ичига олган. Энди бу қоида нафақат мактабларга, балки болалар боғчалари, коллежлар ва бошқа давлат таълим муассасаларига ҳам татбиқ этиладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Таълим вазирлиги мамлакат ўқитувчиларига ChatGPT edu тизимидан фойдаланиш учун лицензиялар ажратаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси