“Сиёсатга аралашмайди”. Жапаров яқинлари нима иш қилишини айтди
Олам
−
27 Апрель 4389 3 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров яқинлари, хусусан кичик ўғли Нурдавлатнинг давлат иши, умуман, сиёсат билан шуғулланмаслигини айтди. Бу ҳақда у “Kaktus” нашрига берган интервьюсида сўз юритган.
Жорий йилнинг 18 апрель куни криптомиллиардер Жастин Сан Қирғизистонга ташриф буюрганди. Президент Жапаров эса уни шахсан қаршилаган. Уларга Жапаровнинг кичик ўғли ҳам ҳамроҳлик қилган. Бу кўриниш жамоатчиликда Президентнинг фарзанди давлат ишларига аралаша бошлагани ҳақида фикр уйғотган.
Жапаров эса, бу вазиятга изоҳ бериб, оиласи ва қариндошлари сиёсатдан ҳамда давлат ишларидан узоқ туришини билдирди.
“Нафақат менинг фарзандларим, балки умуман оила аъзоларим ва қариндошларимдан ҳеч ким давлат ишларида иштирок этмайди. Мен бошиданоқ яқинларимга қатъий айтганман – олдинги президентларнинг хатоларини такрорламаймиз! Улар давлат ва сиёсат билан боғлиқ бўлмаган ишлар билан шуғулланишади. Улар орасида Қирғизистонга инвесторларни жалб қилаётганлар ҳам бор”, дейди у.
Шунингдек, Жапаров кичик ўғли қандай фаолият билан шуғулланиши ҳақида ҳам айтиб ўтган.
“Кичик ўғлимга келсак, сиёсий жараёнлар ва давлат хизматлари ичида бўлганлигим сабабли, баъзан болаларимга етарлича эътибор бермаганманми, деб ўйлаб қоламан. Айниқса, кичик ўғлим билан жуда кам вақт ўтказганман. Шунинг учун баъзан Нурдавлат менга ҳамроҳлик қилади. У инглиз тилини яхши билгани учун баъзан таржимон вазифасини ҳам бажаради. Аммо у давлат билан боғлиқ ҳеч қандай ишда иштирок этмайди ва давлат муассасалари билан бизнес қилмайди. Мен акаларимни ҳам лавозимларга ёки давлат идораларига яқинлаштирмайман. Бунга етарли таъсир ва имкониятим бор. Уларнинг ҳеч бири давлат тузилмаларидан шахсий манфаат учун фойдаланмайди. Улар фойда келтириши мумкин, лекин зарар етказмайди”, дейди Жапаров.
Давлат раҳбари, қолаверса, яқинлари қандай иш билан машғуллигига ҳам аниқлик киритиб ўтган.
“Сиз ҳеч қаерда “Президентнинг ўғли ёки қариндоши у ёки бу давлат идорасини эгаллаб олди” деган гапни эшитмагансиз ва ҳеч қачон эшитмайсиз. Улар хусусий бизнес билан шуғулланишади. Авваллари давлатни бўлиб олиб, бирга талон-тарож қилишарди. Биз бунинг қандай оқибатларга олиб келишини кўрганмиз”, дейди Президент.
Маълумот учун, Садир Жапаров кўп болали оиладан. Отасининг исми Нурғожо, онасиники Ҳадича бўлган. Жапаров ўз интервьюларида ота-онаси қишлоқда яшагани ва қишлоқ хўжалиги билан шуғуллангани ҳақида гапирган. Улар 11 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Отаси 2017 йил сентябрь ойида 84 ёшида хасталикдан вафот этган. Ўшанда Жазони ижро этиш давлат хизмати Садир Жапаровга дафн маросимида қатнашишга рухсат бермаган. 2019 йил март ойида онаси вафот этган ва бу сафар ҳукумат Жапаровга уни сўнгги йўлга кузатиш учун рухсат берган. Жапаровнинг тўрт нафар фарзанди бор – ўғиллари Достон, Рустам, Нурдавлат ва қизи Жанайим. Тўнғич ўғли Достон 2019 йил август ойида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров Жогорку Кенеш мажлисида мамлакат ҳукуматининг коррупцияга қарши кескин чоралар кўришини маълум қилганди. Шу билан бирга, у қариндошлари ва фарзандлари давлат хизматида ишламаслигини, давлат органларида фаолият юритмаслигини айтганди.
Live
БарчасиИсроил Президенти Қозоғистонга келди
27 Апрель