Ҳаммасини қайтаради, кейин озод бўлади – Жапаров Ташиевнинг укаси ҳақида
Олам
−
27 Апрель 9371 2 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси, ҳозирда ҳибсда сақланаётган Шоирбек Ташиев ҳақида сўз очиб, Ташиев билан дўстлиги унинг жавобгарликдан қутулишига таъсир қилмаслигини айтди. Бу ҳақда у “Kaktus” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Жапаров ҳокимиятга келганидан бери доимо “дўст”, “қариндош”, “яқин инсон” деган тушунчалар йўқлигини таъкидлаб келганини айтган.
“Йўқ, бундай бўлмайди. Мен учун фақат давлат ва халқ манфаатлари устувор. Агар қонун бузилса, ҳеч ким жавобгарликдан қочиб қутулмайди”, дейди у.
Тергов давомида Шоирбек Ташиевнинг “Қирғизнефтгаз” корхонасидаги коррупцияга алоқадорлиги аниқланган. Оқибатда давлатга 4 миллиард 115 миллион қирғиз соми (тахминан 595 миллиард сўм) миқдорида зарар етказилган.
“Фақат бу сумма тўлиқ бюджетга қайтарилгандан кейингина унинг озод қилиниши ҳақида гап бўлиши мумкин”, дейди Президент.
Маълумотларга кўра, қўлга олинганларнинг барчаси унга қарши кўрсатма берган ва у ўз айбини тан олган.
“Қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак. Аввал МХДҚ ва ИИВ томонидан қўлга олинганлар зарарларни қоплаган, баъзан ҳатто ортиғи билан ҳам. Шундан кейин улар озод қилинган. Шоирбек Ташиев ҳам худди шундай йўл тутиши керак: аввал ҳаммасини қайтариш, кейин озод бўлиш”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати Шоирбек Ташиев Ички ишлар вазирлиги томонидан сўроққа чақирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Шоирбек Ташиев мамлакат парламенти депутатлигидан кетишини маълум қилди. Шундан сўнг у яна Ички ишлар вазирлиги томонидан яна сўроққа чақирилилиб, “Қирғизнефтегаз”даги коррупция ҳолатлари юзасидан қўзғатилган жиноий иш доирасида ҳибсга олинди. Мазкур иш юзасидан Бишкекдаги Биринчи май тумани суди Шоирбек Ташиевга нисбатан ҳибс чорасини белгилади.
Live
Барчаси