Япония икки ўзбекистонликни депортация қилди
Жамият
−
26 Апрель 3773 2 дақиқа
Жорий йилнинг 24 апрелида Япония Иммиграция хизматлари агентлиги Японияда ноқонуний равишда яшаб турган 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг мамлакатдаги элчихонаси хабар берди.
Фуқаролардан бири Японияга “талаба” визаси билан кирган, аммо кейинчалик ўқишдан ҳайдалганига қарамай, мамлакатда ноқонуний равишда қолиб кетган ва расмийлар томонидан ҳибсга олинган. Яна бир фуқаро қисқа муддатли виза билан Японияга кириб, рухсат берилган қолиш муддати тугашига қарамай мамлакатдан чиқиб кетмаган.
Япон дипломатларининг қайд этишича, қисқа муддатли виза билан Японияда ишлаш тақиқланган. Талаба визасини олиб борганлар эса, агар ўқишдан четлатилса, Японияда яшаш мақоми бекор қилинади.
“Японияга “Туризм” ёки “Талаба” мақомидаги виза билан кириб, “узоқ муддат қолиш мумкин” ёки “ишлаш мумкин” деган чақирувлар бутунлай ёлғон. Шу каби ёлғон мақсадлар билан Японияга киришга йўл қўйилмайди. “Талаба” визаси ишлаш учун эмас, балки фақатгина мамлакатда ўқиш учунгина берилади. Агарда мамлакатда ноқонуний равишда яшаётган шахслар аниқланса, улар полиция томонидан ҳибсга олинади ва бундай шахсларга нисбатан иммиграция муассасасида ушлаб туриш ёки депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилади. Бундан ташқари, Япония ҳукумати – шу каби шахслар ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига маълумотларни бериб бораётганлиги сабабли, Ўзбекистонга қайтгандан кейин ҳам уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши мумкин”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси