Ғазода деярли 20 йил ичида илк бор сайловлар ўтказилмоқда
Олам
−
25 Апрель 2058 4 дақиқа
Ғазо сектори марказида ва ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда фаластинликлар маҳаллий кенгашларга сайловларда овоз беришни бошлади. Бу Исроилнинг Ғазодаги қирғинбарот уруши бошланганидан бери ўтказилаётган илк маҳаллий овоз бериш жараёни ҳисобланади. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 24 апрель куни эрталаб маҳаллий вақт билан соат 7:00 да Ғазонинг Дайр ал-Балаҳ ҳудудидаги 70 000 нафар сайловчи учун сайлов участкалари очилган. Бу қамал остидаги анклавда сўнгги 20 йил ичида ўтказилаётган биринчи сайловдир.
Ғазонинг фақат битта шаҳридаги овоз бериш жараёни асосан рамзий характерга эга бўлиб, расмийлар уни “синов” (пилот лойиҳа) деб атамоқда. Дайр ал-Балаҳ Исроил кучлари томонидан вайрон қилинмаган саноқли ҳудудлардан бири бўлгани учун танлаб олинган.
Ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда ҳам қарийб бир миллион рўйхатга олинган сайловчи сув, йўл ва электр таъминотини назорат қилувчи маҳаллий кенгашлар таркибини аниқлаш учун овоз бермоқда. Бу овоз бериш жараёни расмиятчилик сифатида кўрилмоқда, чунки ишғол қилинган ҳудудлардаги расмий сиёсий қарорлар Исроилнинг розилигисиз қабул қилинмайди.

Ушбу сайловлар қаттиқ чекланган сиёсий муҳит ва жамиятдаги чуқур ҳафсала пир бўлиши фонида ўтмоқда. Фаластин маъмурияти (PA) коррупция, сиёсий турғунлик ва 2006 йилдан бери миллий сайловлар ўтказилмаётганидан ғазабланган халқ олдида ислоҳотлар ва ўз легитимлигини кўрсатишга интилмоқда.
Сайлов рўйхатларининг аксарияти Президент Маҳмуд Аббоснинг ФАТҲ ҳаракати ёки мустақил номзодлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ғазонинг бир қисмини назорат қилувчи ҲАМАС ёки бошқа сиёсий партиялар сайловда расман иштирок этмаяпти.
Ғазонинг катта қисми икки йиллик уруш туфайли вайрон бўлган бир шароитда, Рамаллоҳда жойлашган Марказий сайлов комиссияси биринчи овоз беришни Дайр ал-Балаҳда ўтказишга қарор қилган. Анъанавий сайловчиларни рўйхатга олиш имконсиз бўлгани сабабли, комиссия янгича усулларни қўллашга мажбур бўлган.
“Асосий ғоя – Ғарбий Соҳил ва Ғазони сиёсий жиҳатдан ягона тизим сифатида боғлаш”, дейди комиссия вакили Фарид Таамаллаҳ.
Унинг қўшимча қилишича, комиссия Дайр ал-Балаҳдаги овоз беришдан олдин Исроил ёки ҲАМАС билан бевосита мувофиқлаштириш ишларини олиб бормаган ва Ғазога сайлов бюллетенлари, қутилар ёки махсус сиёҳ каби материалларни юбориш имконига эга бўлмаган.
Фаластинда сайловчилар иштироки борган сари камайиб бораётган бўлса-да, ўтмишдаги маҳаллий сайловларда фаоллик минтақавий стандартлар бўйича нисбатан юқори (ўртача 50-60 фоиз) бўлган.

Маълумот учун, ҲАМАС 2006 йилги парламент сайловларида ғалаба қозонган ва бир йилдан сўнг Ғазо назоратини ФАТҲ бошчилигидаги Фаластин маъмуриятидан тортиб олган. Ҳаракат жорий сайловга ўз номзодларини қўймаган, бироқ Фаластин сиёсий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази сўровлари шуни кўрсатадики, ҲАМАС ҳамон Ғазода ҳам, Ғарбий Соҳилда ҳам энг нуфузли сиёсий куч бўлиб қолмоқда.
БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус координатори ўринбосари Рамиз Алакбаров ушбу сайловларни “фаластинликлар учун бундай ўта оғир даврда ўз демократик ҳуқуқларидан фойдаланиш учун муҳим имконият” деб атаган.
Исроил кучлари ўтган йили Ғазонинг айрим қисмларидан, жумладан Дайр ал-Балаҳдан қисман чиқиб кетган бўлса-да, ҲАМАС ҳудуднинг ярмини назорат қилишда давом этмоқда. Бироқ анклав АҚШ Президенти Дональд Трампнинг “20 банддан иборат режаси” асосида янги бошқарув тузилмасига ўтишга тайёрланмоқда.
Ушбу режага кўра, халқаро вакиллардан иборат “Тинчлик кенгаши” ва сайланмаган фаластинликлардан иборат қўмита тузилиши кўзда тутилган. ҲАМАСни қуролсизлантириш, қайта тиклаш ва ҳокимиятни топшириш каби кейинги босқичлардаги силжишлар ҳозирча тўхтаб қолган.
Фаластиннинг 90 ёшли Президенти Маҳмуд Аббос ўтган йили Ғарб донорларининг талабларига мувофиқ сайлов тизимини тубдан ўзгартириш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Ислоҳотлар партия рўйхатлари учун эмас, балки алоҳида шахслар учун овоз беришга имкон беради, номзодларнинг ёш чегарасини пасайтиради ва аёл номзодлар учун квоталарни оширади.
Январь ойида Аббоснинг яна бир фармони чиққан: унга кўра номзодлар Фаластин озодлик ташкилоти (ФОТ) дастурини қабул қилишлари шарт. Ушбу дастур Исроилни тан олиш ва қуролли курашдан воз кечишни назарда тутади, бу эса амалда ҲАМАС ва бошқа гуруҳларни жараёндан четлаштиради.
Ғарбий Соҳилнинг 60 фоизини ташкил этувчи ва тўғридан тўғри Исроил назоратида қолаётган “C ҳудуди”даги қишлоқларда ҳам овоз бериш ўтказилмоқда. Бу муниципал сайловлар қанчалик чекловлар остида эканини кўрсатади.
Сайлов кампанияси плакатлари кўплаб шаҳарларга ёпиштирилган бўлса-да, баъзи жойларда” жумладан” Рамаллоҳ ва Наблусда номзодлар етишмаслиги сабабли сайловлар ўтказилмайди.
Исроил билан тинчлик музокаралари йиллар давомида тўхтаб қолгани ва Ғарбий Соҳилда Исроил аҳоли пунктларининг кенгайиши оқибатида Фаластин маъмуриятининг таъсири ва қудрати сезиларли даражада заифлашган.
Live
БарчасиИсроил Президенти Қозоғистонга келди
27 Апрель