Россия Украинага юзлаб дрон ва ракеталар билан ҳужум қилди
Олам
−
25 Апрель 2801 2 дақиқа
Бугун, 25 апрелга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина шаҳарларига 666 та дрон ва ракеталардан иборат кенг кўламли зарба берди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари хабар берди.
Қайд этилишича, 619 та учувчисиз учиш аппарати ва 47 та ракетадан мос равишда 580 та ва 30 та нишон уриб туширилган. Ҳужумлар Днепропетровск, Харьков, Чернигов, Суми, Одесса ва Киев вилоятларида кузатилган.
Мамлакат Ички ишлар вазири Игорь Клименконинг билдиришича, жами беш киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши жароҳатланган. Энг кўп талафот Днепр шаҳрига етган бўлиб, у ерда тўрт қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг маълумотларига кўра, 10 соатдан ортиқ давом этган ҳужумлар оқибатида шаҳарда тўрт киши ҳалок бўлган, яна 27 киши, жумладан икки бола жароҳатланган.
Бугун, 25 апрель куни кундузи амалга оширилган такрорий ҳужумдан сўнг яна бир тураржой биноси шикастланган ва етти киши жабрланган. Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабарига кўра, Днепрда корхоналар ва саноат инфратузилмаси объекти ҳам шикастланган. Вайроналарни тозалаш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, тунги ҳужумлар оқибатида Чернигов вилоятининг Нежин, Городнянский ва Сновский туманларида яна икки киши ҳалок бўлди ва етти киши яраланган.
Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг ҳужумлари тун бўйи давом этганини, Одесса ва Харьков вилоятларида ҳам жабрланганлар борлигини таъкидлаган.
“Россияликларнинг тактикаси ўзгаришсиз: зарба берувчи дронлар, қанотли ракеталар ва катта миқдордаги баллистика. Нишонларнинг аксарияти шаҳарлардаги оддий инфратузилма. Тураржой бинолари, энергетика ва корхоналар шикастланган”, деб ёзди у.
Шунингдек, бугун эрталаб Украина дронлари уруш бошланганидан бери илк бор Екатеринбургга зарба берган. Тахминларга кўра, “Вектор” мудофаа заводи томон учаётган дронлардан бири шаҳар марказидаги осмонўпар бинога бориб урилган. Олти киши жароҳатланган. Шунингдек, Украина Қуролли кучлари дронлари Челябинск вилоятидаги объектларга – дастлабки маълумотларга кўра, маҳаллий ҳарбий авиация билим юрти ва металлургия заводига ҳужум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Украина бир ой ичида иккинчи бор асирлар алмашинувини амалга оширганди. Натижада Россия томони 193 нафар ҳарбий хизматчини қайтарган, шунча миқдордаги асир Украина томонига топширилган.
Live
БарчасиИсроил Президенти Қозоғистонга келди
27 Апрель