Шов-шувли уй машмашаси: “Санжик” уйни 1 сўмга сотишга тайёр
3-саҳифа
−
24 Апрель 10466 3 дақиқа
Бугун, 24 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида тадбиркор, блогер “Real Sanjik” – Санжар Каримовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги очиқ суд жараёни бўлиб ўтди.
Суд мажлисида шов-шувларга сабаб бўлган уй-можароси ҳақида ҳам сўз борди. Бу галги судда яна такроран айбланувчи томони Алимбоевларга тегишли уй-жойни марҳум отасининг номидан ўзларига қайтаришга тайёрлигини маълум қилди. Мабодо Алимбоевлар мазкур ҳадяни қабул қилмаса, ушбу хонадонни 1 сўм эвазига нотариал идора орқали олди-сотди қилишга тайёрлигини билдирди. Шу сабабли Санжар Каримовнинг адвокатлари раислик қилувчи судья Баҳром Бердиевгав мазкур уйга нисбатан тақиқни олиб ташлаш ҳақида илтимоснома киритди.
Аввалроқ, Алимбоевларга тегишли уй-жой низоли бўлганлиги туфайли мазкур турар-жойга нисбатан суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексининг 248-моддаси Даъвони таъминлаш чоралари 3-қисми (бошқа шахсларнинг жавобгарга мол-мулк беришини ёки унга нисбатан бошқа мажбуриятларни бажаришини тақиқлаш) бўйича тақиқ қўйилган.
Раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев томонларнинг сўзини тинглаб, келгусида бошқа эҳтимоли мавжуд бўлган хавфларни олдини олиш мақсадида, кейинги суд мажлисида нотариусни суд мажлисига чақирган ҳолда, ушбу уйни собиқ эгаларига олди-сотди жараёни амалга оширилиши мумкин бўлишини билдирди.
Шундан сўнг, суд мажлисида танаффус эълон қилиниб, кейинги мажлис жорий йилнинг 27 апрелига белгиланди.
QALAMPIR.UZ тез орада ушбу суд мажлисидан батафсил видеорепортажни тақдим этади. Кўрсатувни YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
“Real Sanjik” иши
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Real Sanjik” билан боғлиқ бошқа иш омма эътиборига тушган эди, яъни 2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган, бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога, яъни блогер ва бизнесмен “Real Sanjik”га 240 минг долларга сотиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.
2025 йилнинг 21 ноябрь куни мазкур иш бўйича суд жараёни якунланди. Унга кўра, Ш.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Ҳолат жамоатчилик эътиборига тушгач, ушбу ҳовлининг харидори бўлган таниқли блогер ва тадбиркор “Real Sanjik” 240 минг долларлик уйни болалар уйига эҳсон қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси эса блогер тураржойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этмаганини маълум қилди.
Ушбу воқеалар фонида, 2025 йилнинг 28 ноябрь куни у Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳибсга олингани маълум бўлди.
Live
Барчаси