Нью-Йоркда черков ёниб кетди (видео)
Олам
−
24 Апрель 1503 2 дақиқа
Кеча, 23 апрель куни кечқурун Нью-Йоркнинг Астория (Куинс) ҳудудида жойлашган бўш турган черковда кучли ёнғин содир бўлди. Ҳодиса жойига 250 дан ортиқ ўт ўчирувчи ва тез тиббий ёрдам ходимлари жалб этилган ва 6 нафар ўт ўчирувчи жароҳат олган. Бу ҳақда CBS News нашри хабар берди.
Қайд этилишича, черков 12 кўчада, Астория булъвари ва 27 авеню оралиғида жойлашган. Тунда қора тутун бир нечта кўчани қамраб олган ва маҳаллий аҳоли ниқоб тақишга мажбур бўлган. Ўт ўчириш хизмати маълумотига кўра, ёнғин тахминан соат 18:45 да черков ҳовлисидаги турар жойдан бошланган ва тез орада асосий бинога ўтиб кетган. Ёнғин кейинчалик бешинчи даражагача етган. Кучли аланга черков томидан чиқиб тургани кузатилган.
“Бўлинмаларимиз икки бино ичига кириб, бир неча сув шланглари билан ёнғинни бартараф этишга урунди. Одатда ёнғин бундай эски черковларда девор ичига ва том қисмига ўтиб кетса, уни ўчириш жуда қийин бўлади”, дейди операция раҳбари Кевин Вудс.
Ҳодиса оқибатида том қисман қулаган ва ғиштлардан бири ўт ўчирувчига тегиб, у шифохонага олиб кетилган. Ёнғин туфайли яқин атрофдаги бинолардан одамлар эвакуация қилинган.
“Бу черков тарихий, тахминан 1850 йилларда қурилган. У “Dutch Reformed Church” деб аталган ва бир йилдан бери бўш турган эди. Шундай ёнғин чиққанига ҳайрон эмасман”, дейди маҳаллий аҳоли ва тарихчи Доминик Перро.
Ҳозирча ёнғин сабаби аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нидерландиянинг Амстердам шаҳрида Вонделкерк номли тарихий черков йирик ёнғин оқибатида деярли бутунлай вайрон бўлганди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси