Британиялик депутатлар қирғизистонлик 3 амалдорга санкция қўлламоқчи
Олам
−
24 Апрель 2412 2 дақиқа
Британиянинг 20 дан ортиқ депутат ва лордлари мамлакат Ташқи ишлар вазиридан Қирғизистондаги айрим амалдорларга қарши чоралар кўришни талаб қилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Уларнинг фикрича, Мелис Турғунбоев (Марказий банк раҳбари), Мақсад Асаналиев (Бош прокурор) ва Марат Пирназаров (Молиявий назорат раҳбари) Россияга қўйилган санкцияларни катта миқёсда четлаб ўтишга ёрдам бермоқда.
Улар хусусан Қирғизистонда A7A5 номли криптовалюта фаолият юритишига шароит яратган. A7A5 бу – рублга боғланган (қиймати рублга тенглаштирилган) стейблкоин бўлиб, ҳозиргача 100 миллиард доллардан ортиқ транзакцияларни амалга оширган.
A7A5 криптовалютаси Россиянинг санкция остидаги “Промсвязьбанк” банки билан боғлиқ. Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ ушбу A7A5 криптовалютасига санкция қўйган. Аммо Қирғизистонда айрим криптобиржалар (масалан, “Grinex” ва “Meer” – ҳозир улар ҳам санкция остида) орқали уни нақд пулга сотиб олиш мумкин.
Депутатлар бу механизм охир-оқибат Украинадаги урушни молиялаштиришга хизмат қилишини айтиб, тизимни тўхтатишга чақирган. Шунингдек, Россиянинг ноқонуний урушига ёрдам бераётганлар жавобгарликка тортилиши кераклигини қайд этган.
Уларнинг фикрича, A7A5 ишлашда давом этаётганининг асосий сабаби – Қирғизистондаги молиявий ташкилотлар ва расмийларнинг ҳамкорлиги.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 20-пакети доирасида Ўзбекистоннинг пахта целлюлозаси ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи икки компаниясига нисбатан чекловлар киритгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Россияга қарши 20-санкциялар пакети доирасида Қозоғистондаги бир компанияга нисбатан чекловлар жорий қилганди.
Live
Барчаси