Ишдаги босим сабаб ҳар йили 840 мингдан ортиқ одам вафот этади

Олам

image

Иш жойидаги психологик ва ижтимоий муҳитнинг ёмонлиги инсон саломатлиги ва умумий иқтисодиётга жиддий зарар етказмоқда. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилотининг янги ҳисоботида маълум қилинди.

Ташкилот маълумотларига кўра, ҳар йили 840 мингдан ортиқ одам ишдаги ноқулай психологик муҳит билан боғлиқ касалликлар сабаб вафот этади. Бунга фақат ортиқча иш юкламаси эмас, балки ёмон муносабат, босим, ҳақорат ва таъқиблар ҳам киради. Бундай шароитда доимий ишлаш юрак-қон томир касалликлари, руҳий бузилишлар ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига олиб келиши мумкин.

Ташкилотнинг ҳисоб-китобларига кўра, ишчилар орасида касаллик, ногиронлик ва эрта ўлим туфайли йўқотилаётган соғлом ҳаёт йиллари йилига 45 миллион йилни ташкил этади. Бу билан боғлиқ иқтисодий зарар эса глобал ялпи ички маҳсулотнинг 1,37 фоизига тенг.

Ҳисоботда таъкидланишича, иш қандай ташкил этилгани, бошқарилгани ва тузилгани ходимларнинг хавфсизлиги ҳамда соғлиғига бевосита таъсир қилади, шунингдек ташкилот самарадорлигига ҳам таъсир кўрсатади.

Мутахассислар психосоциал хавфларни чуқурроқ тушуниш учун ишнинг ўзи, ундаги талаб ва мажбуриятлар, уни ташкил этиш усуллари ҳамда меҳнат сиёсатини таҳлил қилишни тавсия қилмоқда. Бунга ишга қабул қилиш шартлари, рақамли мониторинг, иш самарадорлигини баҳолаш ва рағбатлантириш тизими, меҳнат хавфсизлиги қоидалари, зўравонлик ва таъқибларнинг олдини олиш механизмлари ҳамда ходимларнинг қарор қабул қилишдаги иштироки киради.

840 мингдан ортиқ ўлим кўрсаткичи икки асосий манбага таянган ҳолда аниқланган. Биринчиси – ишдаги ортиқча юклама, кам назорат, меҳнат ва мукофот ўртасидаги номутаносиблик, иш барқарорлигининг йўқлиги, узоқ иш вақти, шунингдек зўравонлик ва таъқибларнинг глобал тарқалиши ҳақидаги маълумотлар.

Иккинчиси – ушбу омиллар юрак-қон томир касалликлари, инсульт ва руҳий касалликлар хавфини оширишини кўрсатган илмий тадқиқотлар.

Шунингдек, ҳисоб-китобларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тақдим этилган глобал ўлим ва соғлиқ бўйича маълумотлардан ҳам фойдаланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг