“Болаларимга бир тийин ҳам йўқ”. Иброҳим Тотлисас меросини кимга васият қилганини айтди (видео)

Маданият-санъат

image

Туркиянинг машҳур хонандаси Иброҳим Тотлисас бутун мол-мулкини фарзандларига эмас, балки давлатга васият қилиб қолдиришини маълум қилди. У бу ҳақда кеча, 22 апрель куни шифохонадан чиқаётиб, “Cumhuriyet”га берган интервьюсида сўз очди.

“Болаларимга бир тийин ҳам йўқ, меросимнинг ҳаммасини давлатга қолдираман. Уларнинг баъзилари сабабли оиламнинг бир қисми азият чекди. Отам менга пул қолдирмаган, у жигар пиширадиган ошпаз эди. Пулни ўзим топганман, хоҳласам сарфлайман. Мен уларга жуда катта мерос қолдирдим, лекин буни англаб етишмади. Иброҳим Тотлисас номи билан барча эшиклар очилади, лекин улар бундан фойдаланишни билмади”, деган санъаткор.

Тотлисаснинг бойлиги қанча?

Маълумотларга кўра, Иброҳим Тотлисаснинг умумий бойлиги тахминан 150 миллиондан 850 миллион долларгача баҳоланади. Туркиянинг Бодрум ва Измир шаҳарларида унга тегишли меҳмонхоналар, виллалар, квартиралар, кабоб ресторанлари, телеканаллар ва автомобиль парклари борлиги айтилади.

Ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган Тотлисас фарзандларининг баъзилари отанинг қадрига етмагани учун улардан воз кечганини билдирган.

“Дўстларим мени ёлғиз қолдирмади, Измир ва Анқарадан келди – барчасига раҳмат. Дўст шундай кунда керак. Аллоҳ фарзандларимдан рози бўлсин, лекин ҳаммасидан эмас. Туғча қизимдан Аллоҳ рози бўлсин. Лекин “А” ҳарфини алифбодан ўчириб ташладим (Аҳмад исмли ўғли). Баъзи фарзандларимни шифохонага киритмасликни мен хоҳламадим. Улар юрагимда муносиб жойда эмас. Мен, отам шундай аҳволда бўлса, уни ёлғиз қолдирмасдим, ҳатто жонимни берардим. Оталарнинг қадрини қачон тушунади – билмайман”, деган Тотлисас.

Санъаткор, шунингдек, даволанишда ёрдам берган шифохона ходимларига миннатдорлик билдириб, ўзи туғилган она шаҳри Шонлиурфада шифохона очишни таклиф қилган.

“Шонлиурфада 4,5 сотих ерим бор. У ерда хусусий шифохона йўқ, ҳамма Ғозиантепга боради. Келинглар, ўша жойни кўринглар, имкон бўлса, у ерда ҳам шифохона очайлик”, деган у.

Маълумот ўрнида: санъаткорда ўт пуфаги билан боғлиқ бактериал инфекция — холецистит (ўт пуфаги яллиғланиши) аниқланиб, антибиотик муолажаси бошланган эди. Даволаниш жараёнидан сўнг, у жорий йилнинг 11 апрель куни операцияни бошидан кечирди. Операция муваффақиятли ўтгач, шифокорлар санъаткор яна бир муддат реанимацияда кузатув остида бўлишини, сўнгра уйига жавоб берилишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, хонанда Иброҳим Тотлисас жорий йилнинг 7 апрель куни Истанбулдаги уйида тоби қочгани сабабли, тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилганди. Унинг тўнғич ўғли Аҳмад Тотлисас суд томонидан ўзига нисбатан чиқарилган яқинлашмаслик қарори ва оёғидаги электрон кишан туфайли отасининг олдига бора олмаган. У шифохонага кира олмай, 3 километр узоқликда жойлашган масжидда вақт ўтказган.  Иброҳим Тотлисас ва унинг тўнғич ўғли Аҳмад Тотли ўртасидаги низонинг бош омили – моддиятдир. Иброҳим Тотлисас ўз ўғлини компанияларидаги маблағларни нотўғри бошқарганликда ва унинг мулкига шерик бўлишга интилишда бир неча бор айблаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия шифохона васият Иброҳим Тотлисас меросини

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг